Пойтахтимизда Ўзбекистон травматолог-ортопедларининг Х съездидан Фоторепортаж

13:20 21 Октябр 2022 Жамият
371 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

 Соҳа ривожининг устувор йўналишларига бағишланган мазкур тадбирда юртимиздан 200 нафар ва АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон, Бангладеш, Беларусь, Украина ҳамда Қозоғистон давлатларидан 50 нафардан ортиқ тиббиёт олимлари ва мутахассислар иштирок этмоқда.

 Анжуманда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари У. Сабиров таъкидланганидек, кейинги йилларда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт марказида энг илғор диагностика ва даволаш усуллари йўлга қўйилди.
   Роппа-роса 90 йиллик фаолият тажрибасига эга муассасада йилига 3000га яқин эндопротезлаш, 3500 дан зиёд  артроскопик операциялар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, умуртқа жарроҳлиги, шу жумладан, транспедикуляр стабилизация, вертебропластика сингари мураккаб муолажа турлари амалиётга татбиқ этилди.

    Суяк синишларини даволашда блокловчи остеосинтез деб аталувчи замонавий операция усулидан фойдалана бошланди. Шунингдек, марказ “аср касаллиги” деб тан олинган остеопороз хасталигини ўрганиш ва даволаш бўйича мамлакатимиздаги етакчи тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

       Бу ерда рентгеноденситометрия, допплерография, компьютер подометрияси сингари замонавий ташхислаш усуллари амалда. Қолаверса, бу сингари юқори технологик амалиётлар марказнинг ҳудудий филиалларида ҳам ўзлаштирилмоқда. Эндиликда мураккаб амалиётларни туманлар даражасига тушириш чоралари кўриляпти.

   Муҳими, бундай саъй-ҳаракатлар натижасида юртдошларимизнинг таянч-ҳаракат тизими хасталиклари муолажаси учун хорижий мамлакатларга боришига ҳожат қолмади. Съездда ана шу ютуқлар нафақат юртимиз вакиллари, балки хорижлик қатнашчилар томонидан ҳам эътироф этилди.

   Кун тартибидан таянч-ҳаракат аъзолари жароҳатлари ва касалликларининг олдини олиш, ташхислаш ҳамда даволаш, остеосинтез муолажасининг энг янги усуллари, йирик бўғимлар артроскопияси ва эндопротезлаш операциялари, умуртқа жарроҳлиги, болалар травматологияси ва ортопедияси масалалари ҳамда остеопороз муаммоларига бағишланган қатор маърузалар ўрин олган.
      Анжуман доирасида болаларда туғма маймоқликни Понсети усулида даволаш мазусида симпозиум ва сколиоз касаллигини янги жарроҳлик технологиялари орқали муолажа қилишга бағишланган маҳорат дарси ўтказилиши белгиланган.

    Бинобарин, травматология ва ортопедия йўналишида қўлланиладиган замонавий дори воситалари ҳамда тиббий қурилмаларни ишлаб чиқарувчи нуфузли компаниялар маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилади.

       Съезд эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер