Пешкуда бу йилги мавсумда салкам 200 тонна пилла етиштирилиши кутилмоқда
Пешку туманида одатда, ҳар йилги мавсумда 2600 қути атрофида ипак қурти парвариш қилинарди. Бу гал унинг сони салкам 700 қутига кўпайди. Бу қўшимча тарзда 4,5 тонна “ кумуш тола” етиштириш имконини беради.
Жорий мавсумда тумандаги 7 та инкубаторияда ипак қурти жонлантирилди. Натижада 3314 қути ипак қурти фермер хўжаликлари ҳамда оилавий звеноларга тарқатилди. Унгача эса тутзорларга ишлов бериш, тут барги захирасини юзага келтириш билан боғлиқ зарур юмушлар бажарилган эди.
-Пиллачилик мавсуми нари борса 35 – 40 кун давом этади, — дейди касаначи З. Шарипова.- Лекин меҳнати йилга татийди. Оиламиз билан пилла етиштириш борасида катта тажриба тўплаганмиз. Шукр, кам бўлганимиз йўқ. Ўтган йилда режадан ортиқча етиштирилган ҳар килограмм пиллага 50 минг сўмдан берилганди. Бу йилги мавсумда ҳам яхши ишлаб сифатли пилла етиштириш, шунинг ортидан рўзғор каму кўстини тўлдириш ниятидамиз.

Айтиш жоизки, нафақат Пешку, балки Бухоро вилоятининг бошқа туманларида ҳам пиллачиликда жуда катта тажриба тўпланган. Ўтган йилги мавсумда бу соҳа вилоят бўйича 110 мингга яқин аҳолининг бандлигини таъминлаган, жами 3 минг 186 тонна пилла етиштирилган. Якунда пиллакорлар 130 миллиард сўм атрофида даромад кўришганди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг