Пешку қовунларига ҳозирданоқ четдан талаб бор 

18:05 17 Апрель 2020 Жамият
1250 0

Архив фото

Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги Ибн Сино маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Нусрат Саидовнинг ҳовлисида бўлган киши ҳавас ва иштиёқ билан ортига қайтади.Гап шундаки, Нусрат ака томорқанинг 8 сотихида лимонарий барпо этган. Мўъжаз боғ “Бунинг турган – битгани хазина-ку” дейдиган даражада ҳосил берди.

-Лимончиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигимиз ҳам бор,-дейди Н. Саидов.- Бир гектар майдонда лимонзор барпо этдик. Кўчат тайёрлаб, уларни фермерларга, томорқачиларга етказишни йўлга қўйганмиз. Лимонни қандай парваришлаш юзасидан йўл – йўриқ ҳам беряпмиз. Сизга бир сирни айтайми?Лоақал тўрт сотих ерда 50 туп лимон кўчати ўтқазсангиз, фурсати етиб улардан 2,5 тоннага етказиб ҳосил оласиз. Пулини чақиш ўзингизга ҳавола.

Биласиз, шу кунларда юртимизда карантин даври давом этяпти. Одамлардан уйда қолиш, ўзаро мулоқотда масофани сақлаш, тозаликка риоя этиш сўраляпти.  Лекин бу кўрпани устимизга тортишимиз керак, дегани эмас. Шифокорлар тавсиясига қатъий амал қилган ҳолда, тушкунликка тушмай томорқани “гуллатиш” керак. Меҳнат қилса деҳқоннинг қўли, албатта пул кўради. Нусрат аканинг жайдари фалсафаси шу.

- Пешку азал-азалдан ширин — шакар қовунлари билан танилган,-дейди у.- Биз шу анъанани бошқачароқ тарзда давом эттириш фикрига келдик. Икки гектар майдонда қовуннинг эртапишар навидан экдик. Вазни оғирмас. 1,5 – 2 килограмм тош босади. Лекин жуда ширин. Мазаси оғизда қолади. Экспортбоп. Унга ҳозирдаёқ четдан талаб бор.

Эътиборлиси, Нусрат аканинг бир парча ердан қандай фойдаланиш борасидаги хайрли ишлари бошқалар учун сабоқ вазифасини ҳам ўтамоқда.

-Совуқ ўлкаларга ишлагани кетишни одат қилгандим,- дейди унинг маҳалладошларидан бири Феруз Рўзиев.- Аммо бутун дунёда пандемия тарқагани сабабли уйда қолишга тўғри келди. Шунда ҳудудимиздаги омилкор деҳқонлар, айниқса, Нусрат акадан ибрат олиш фикрига келдим. Туман бандликка кўмаклашиш маркази, маҳалла фуқаролар йиғини ёрдам қўлини чўзди. Ажратилган субсидия эвазига томорқамда иссиқхона барпо этиб, помидор етиштиряпмиз. Энди рўзғоримдан хавотир олмасам ҳам бўлади. Кўнглим тўқ.

Истам ИБРОҲИМОВ,

“Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер