Пекинда ХХIV қишки Олимпия ўйинлари очилди — Фоторепортаж
4 февраль куни Пекинда ХХIV қишки Олимпия ўйинлари очилди. Бу билан Хитой пойтахти тарихда ёзги ва қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилган илк шаҳарга айланди. Ва у буни рекорд даражада — 14 йиллик қисқа фарқ билан амалга оширмоқда. Йирик спорт анжумани бошланишига бағишланган тантаналарда йигирмага яқин давлат, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Россия, Миср, Полша, Сербия, Аргентина раҳбарлари, Камбоджа қироли, Саудия Арабистони ва Абу-Даби валиаҳд шаҳзодалари, Люксембург Буюк герцоги, Монако шаҳзодаси иштирок этди.

Пандемия сабабли қишки Олимпия ўйинларининг барча тадбирлари олимпиячилар ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги алоқани истисно қиладиган жойда ўтказилади. Мазкур ҳудудда аэропорт, спорт иншоотлари, матбуот марказлари ва Олимпия қишлоқлари жойлашган.
Карантин чораларига қатъий риоя этган ҳолда 4 — 20 февраль кунлари ўтадиган бу галги мусобақада спортнинг 15 та йўналиши бўйича 109 та медаллар тўплами ўйналади. Бу медаллар учун Ўзбекистон ва 90 та мамлакатдан жами 4 мингдан зиёд спортчилар беллашади.
Спорт — тинчлик, ҳамжиҳатлик элчиси. У одамларни жипслаштиради. Олимпия ўйинларининг асосчиси Пер де Кубертен ҳам шахснинг ҳар томонлама камол топиши учун интилишига асосланган антик Олимпия ўйинлари эркинлик, тинч мусобақа ва жисмоний камолот руҳининг қайта тикланишига кўмак беради, деб орзу қилган эди. У спортни ёшларни байналмилал руҳда тарбиялашнинг аниқ имкониятларидан бири, деб биларди.
Спорт ҳар доим сайёрамиздаги ҳар бир маданиятнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб келган. Ер юзидаги халқларнинг ўзига хос спорт турлари мавжуд бўлиб, бу аҳолига жисмоний тайёргарлигини сақлашга ва вақтни мароқли ўтказишга хизмат қилган.

Шу ўринда тарихга назар ташласак, қишки Олимпия ўйинлари — қишки спорт турлари бўйича ўтказилиб, ёзги Олимпия ўйинлари каби Халқаро олимпия қўмитаси шафелигида ташкил этилади. Дастлаб, қишки ва ёзги Олимпия ўйинлари бир йилда ўтказилиб келинган. 1994 йилдан бошлаб эса ёзги Олимпия ўйинлари ўтказилгач, орадан икки йил ўтиб қишки Олимпия ўйинлари ташкил этиладиган бўлди. Бугунги кунга келиб, қишки Олимпия ўйинларининг дастури сезиларли равишда кенгайиш билан бирга, иштирокчилар сони ҳам кескин даражада ошган.
Аслида, қишки Олимпия ўйинларини ўтказиш фикри бирмунча аввал, яъни замонавий Олимпия ўйинларини ташкил этиш ғояси пайдо бўлган даврдан бошланган. 1894 йилда Халқаро олимпия қўмитасига асос солингач, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига конькида учиш бўйича мусобақаларни ҳам киритиш тавсия этилган. Лекин дастлабки учта Олимпиадада муз устида ўтказиладиган бирорта спорт тури киритилмаган. 1908 йилга келибгина, Лондонда бўлиб ўтган Олимпиадада фигурали учиш бўйича 4 та дастурда мусобақалар ўтказилган.
«Оқ олимпиада» номини олган мусобақа расман 1924 йилда Франциянинг Шамони шаҳрида бўлиб ўтган. Ўшанда январь-февраль ойларида бўлиб ўтган мусобақада 16 мамлакатдан 293 нафар спортчи иштирок этганди. 1926 йили Лиссабонда бўлиб ўтган йиғилишда II қишки Олимпия ўйинлари Цент-Моритседа ўтказилишига келишилди. Икки йил муқаддам «қишки спорт ҳафталиги» номи остида ўтказилган Шамони Олимпиадаси эса I қишки Олимпия ўйинлари сифатида тан олинди.

Шу тариқа барон Пер де Кубертеннинг яна бир оқилона миссияси якунланди. У ўша пайтда инсониятга яна бир улкан байрамни тортиқ этганини балки ҳис қилмагандир ҳам...
Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритгач, илк бор 1994 йили Норвегиянинг Лиллеҳаммер шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиадада мустақил давлат сифатида иштирок этди. Бу Ўзбекистон спорти тарихидаги илк Олимпиада эди. Сабаби бунгача мамлакат ёзги Олимпия ўйинларида ҳам мустақил давлат сифатида иштирок этмаганди. Лиллеҳаммердаги Олимпиаданинг мамлакатимиз спорти тарихида яна бир алоҳида аҳамият касб этиши бу — фрицтайл устаси Лина Черязованинг иштироки бўлганди. Моҳир спортчи ҳамюртимиз Ўзбекистон спорти тарихида бундай нуфузли мусобақадаги илк олтин медални айнан Норвегияда қўлга киритганди. Афсуски, ҳозиргача бу қишки Олимпия ўйинлари тарихида қўлга киритган ягона медаль саналади.
Абдували Сайбназаров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг