Пекин Тайвань бирлашиш учун ҳаракат қилишини маълум қилди
Иллюстратив фото
Пекин Тайвань билан муносабатларни тинч йўл билан ривожлантириш ва қайта бирлашиш ниятида.
Хитой Тайвань билан муносабатларни тинч йўл билан ривожлантиришга ва ватанни бирлаштиришга ниятида. Бу фикрларни Хитой Давлат кенгашининг Тайвань ишлари бўйича бошқармаси расмий вакили Чэнь Биньхуа айтиб ўтди.
“Биз Тайвань бўғозининг икки томони ўртасидаги муносабатларни тинч йўл билан ривожлантиришга кўмаклашамиз ва она ватанни бирлаштириш йўлидаги буюк ишни илгари сурамиз”, — деди Чэнь Биньхуа оролдаги сайлов натижаларини шарҳлар экан.
Тайванда шанба куни маъмурият раҳбари ва парламенти — Юань учун сайловлар бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 69,8 фоизи иштирок этган. 19,5 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга эди, орол бўйлаб жами 17 795 та сайлов участкаси ташкил этилди.
Орол маъмуриятининг навбатдаги раҳбари 40,05 фоиз овоз билан Тайвань мустақиллиги тарафдори Демократик тараққиёт партияси раиси Лай Цинде бўлди. Иккинчи ўринни мухолифатдаги Гоминьдан партиясидан номзод Хоу Юи (33,4 фоиз) эгаллади. Тайван Халқ партияси раиси, Пекин ва Қўшма Штатлар билан алоқаларга тайёр бўлган Ко Вэньчжэ 26,45 фоиз билан учинчи бўлди.
Сайлов ғолибининг инаугурацияси 2024 йилнинг 20 май санасига белгиланган.
Шу билан бирга, шанба куни бўлиб ўтган сайлов натижаларига кўра Демократик тараққиёт партияси Юанда 11 ўринни бой берди. У парламентда 51, мухолифат, Гоминдан партияси 52, Тайван Халқ партияси эса 8 ўринга эга бўлди.
Бундан ташқари, 2004 йилдан бери биринчи марта ҳеч бир партия парламентда устунликка эриша олмади, бунинг учун камида 57 ўрин эга бўлиш зарур эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг