Педагоглар Учинчи Ренессанс пойдеворининг асосчилари бўлмоғи лозим
Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсадга эришишда таълим соҳасида олиб борилаётган кўламли ишларни таъкидлаб ўтишимиз лозим. Таълим соҳасида ёшларга замонавий билимларни бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашларига қаратилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, эстетик ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш ҳамда ёшларга таълим беришни янги сифат даражасига кўтариш масаласи бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида келажагимиз эртаси бўлган ёшларни тарбиялаш масаласига тўхталиб, “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устуни бўлиб хизмат қилиши лозим. Ушбу мақсад йўлида ёшларимиз ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришиш учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа бўлмоғи даркор. Шундагина ёш авлод халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади. Юртбошимиз “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширамиз” деб таъкидлаган эди. Ушбу мурожаатда илгари сурилган ташаббусларнинг асоси сифатида ёш-авлодни тарбия қилишда энг муҳим касб эгалари бўлган педагогларни қонунан ҳимоя қилиш учун 2024-йил 1-феврал куни 21 моддадан иборат “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги ЎРҚ-901-сон Қонунининг имзоланиши биз педагоглар учун катта ғурур, шараф ҳиссини уйғотди.
Ушбу қонунда педагогнинг касбий фаолияти, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, педагогик этика қоидалари, педагогларни тайёрлаш ҳамда уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, педагогларни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш каби нормаларнинг белгилаб олингани ҳам педагоглар учун баралла “мен – педагогман”, “мен – эртанги кун пойдеворини қурадиган ёшлар мураббийиман” деган туйғуни қалбимизда ҳис эттирмоқда.
Педагог бу, келажак бунёдкорлари бўлган, болалар ва ёшларни тарбиялаш ва ўқитиш билан шуғулланувчи, шу соҳа бўйича махсус тайёргарликка эга бўлган буюк касб эгаси ҳисобланади. Педагог келажак авлодни тарбиялайди, уни ҳар томонлама баркамол шахс қилиб вояга етказади.
Шу ўринда, Абу Райҳон Берунийнинг ёш-авлодни тарбиялашда уч нарса муҳим рол ўйнайди, деган таълимотини келтириб ўтмоқчиман. Ёш авлод: 1. Ирсият. 2. Муҳит. 3. Тарбия деб таъкидлаганлар. Абу Наср Форобий таълим-тарбияда рағбатлантириш, одатлантириш, мажбур этиш методларини илгари сурган. Ҳар иккала усул ҳам пировардида инсонни ҳар томонлама камолга етказиш мақсадини кўзлайди.
Президентимиз томонидан ушбу қонуннинг имзоланиши келажак авлод ёшларини тарбиялашда биз педагоглар олдига жуда катта вазифаларни қўйгани билан ҳам аҳамиятлидир.
Шунинг учун ҳам, таълимнинг демократиялаштириш, инсонпарварлаштириш, ижтимоийлаштириш, таълим олувчиларнинг сифатли таълим хизматларидан фойдаланишда малакали педагог кадрларни тайёрлаш олдимизда турган асосий омил бўлмоғи лозим.
Холбой Ибраимов,
Т.Н.Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика
фанлари илмий тадқиқот институти директори,
педагогика фанлари доктори, академик
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг