Пастдарғомдаги муборак қадамжо обод бўлади
Фото: Халқ сўзи
Пастдарғом туманида азиз қадамжолар кўп. Шулардан бири «Ошиқ ота» зиёратгоҳи. «Ошиқ ота», яъни XI-XII асрларда яшаб, ижод қилган ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ улуғ авлиёлардан бўлиб, бой ижод ва каромат соҳиби бўлган.
«Девони Ошиқ» аждодимизнинг ижод намунаси бўлган асарлардан биридир. Унда келтирилган «Эй Роббим, турли кулфатларнинг зараридан бизнинг кўксимизни поклагин, ишқ нури билан бизнинг гина-кудуратсиз қалбимизга сайқал бергин...», «Бизнинг қалб кўзимизга рози дилларимиз сабаб тажаллий бергин» каби фикрлари инсониятни тўғриликка бошқаришга хизмат қилган.
Афсуски, бугунги кунда ҳам кўпчилик фуқаролар «Ошиқ ота» зиёратгоҳига боришсада, у кишининг ўтмиши ва ҳаёт йўли хусусида тўлиғича билмайди. Бундан ташқари зиёратгоҳда бир неча ҳали ўрганилмаган табаррук зотларнинг қабртошлари мавжудлиги, унинг тарихи бир неча 100 йилларга бориб тақалишини, ушбу қадамжода илмий-тадқиқот ишлари ҳамда таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари олиб борилиши зарурлигини кўрсатади.
Шу боис ҳам келажак авлод учун мазкур меросни асраш ва қадрлаш, бу орқали улар шуурига маданий меросимиз аҳамиятини сингдириш мақсадида яқинда мазкур қадамжо маданий мерослар объекти рўйхатига киритилди.
Шунингдек, жорий 2023 йилда «Ошиқ ота» зиёратгоҳида давлат бюджетига ажратилган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан таъмирлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг