Пандемия даврида ижтимоий ҳимоя масалалари қандай ҳал этилмоқда?
Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи”
Пандемия кўплаб мамлакатлар каби Ўзбекистонимизни ҳам четлаб ўтмади. Аммо юртимизда вирусга қарши кураш бўйича кўрилган тезкор ҳамда самарали чоралар ўз самарасини кўрсатди.
Очиғи, пандемия айрим оилаларда қийинчиликлар туғдиргани ҳам бор гап. Шу боис ушбу даврда иккинчи сектор фаоллари ҳам ташаббус кўрсатиб ишлаш, одамларга турли йўналишларда кўмаклашишга ҳаракат қилаётир. Чунончи, Балиқчи тумани прокуратураси мутасаддилари ҳам.
Секторга 12 та маҳалла фуқаролар йиғини бирктирилган. Пандемия даврида ўтказилган хатловлар натижасида 2-секторга бириктирилган маҳаллалардаги мавжуд 430 та эҳтиёжманд оилалардаги фуқаролар “темир дафтар”га киритилган. Мазкур оилалардаги ишсиз бўлган меҳнатга лаёқатли 354 нафар фуқароларни ишга жойлаштириш орқали “темир дафтар”дан чиқариш режалаштирилган.

— Бугунги кунга қадар 354 та оиланинг аъзолари бандлигини таъминлаш ҳамда даромад манбаи яратилгани сабабли “темир дафтар”дан чиқарилган, — дейди Балиқчи тумани прокурори Б. Усмонов. — Айни пайтда 76 та оила ушбу дафтарда турибди. Улар ҳам доимий эътиборда. “Темир дафтар”да қолган оилаларга доимий равишда кўмак бериб борилаётир. “Ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”ни шакллантириш мақсадида хатлов ўтказилган бўлиб, натижасига асосан тегишли чоралар кўриляпти.
Сектор ҳудудида “аёллар дафтари”нинг биринчи босқичида дафтарга киритилган 265 нафар хотин-қиздан 163 нафарининг бандлиги таъминланди. Улардан 101 нафари иқтисодиётнинг турли соҳаларига ишга жойлаштирилиб, 29 нафарига сертификат асосида имтиёзли кредитлар ажратилди. 33 нафарининг касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлиги таъминланди. Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд аёлларнинг 8 нафарига жами 7,84 млн. сўмлик моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Яна бир гап. Сектор ҳудудида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни 1 нафарининг яшаш хонадони таъмирлаб берилди. Қарамоғида бир ва ундан ортиқ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёлларнинг 9 нафарига 8,8 млн. сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдамлар ажратилди.
Кўрсатилган амалий ёрдамлар натижасида “аёллар дафтари”га киритилганлардан 265 нафари белгиланган тартиб асосида дафтардан чиқарилди. Ҳозирги кунда “аёллар дафтари”нинг 2-босқичи шакллантирилган бўлиб, унга 535 нафар хотин-қиз киритилган. Жорий йилнинг 20 сентябрь кунига қадар 352 нафар хотин-қизга ёрдамлар кўрсатилган.
Шу билан бирга, 679 нафар ишсиз ёшлар “ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, ҳозирги кунда уларнинг барчасининг бандлигини таъминлаш ҳамда бошқа ёрдамлар кўрсатиш натижасида дафтардан чиқарилди.

Хусусан, 641 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 38 нафарига имтёзли кредит олиб бериш орқали “ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Сектор ҳудудидаги МФЙларда яшовчи 588 нафар ногиронлиги бор фуқаронинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилди, 4 та ногиронлик аравачаси, 320 нафар беморга бепул дори-дармон воситалари, 35 нафар беморга даволаш ва профилактика масканларига бепул йўлланмалар ҳамда 2 нафар фуқарога ортопедия ва эшитиш мосламалари берилди.
Сектор ҳудудида ичимлик ва оқава суви таьминотини яхшилаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 7,7 км. сув тармоғи тортилиб, 1 та ичимлик суви минораси ўрнатилди. Мисол учун, Истиқлол, Дўстлик, Зулфиқор, Юртобод маҳаллаларида ичимлик суви тармоғи тортилиб, аҳоли ичимлик суви билан таьминланди.
Ҳудудда электр энергияси етказиб берилишини яхшилаш мақсадида 2,5 км. электр тармоғи мукаммал, 1,2 км. жорий таъмирланди. Олтита трансформатор янгиланди, 166 та таянч бетон ўрнатилиб, 2 та янги трансформатор қўйилди. Бундан ташқари, сектордаги йўллари таъмирга муҳтож бўлган маҳаллаларда 7,5 км. асфальтлаш ва 3,5 км. йўлларга шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.

Ҳудуддаги “Зулфиқор” МФЙда жойлашган 360 нафар болалар таҳсил олаётган 47-умумий ўрта таълим мактаби туман прокурори ташаббуси билан қайта таьмирлаб берилди.
Дарвоқе, яна бир муҳим масала. Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини билан шуғулланаётган ёхуд шуғулланиш истагида бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига чиқди. Ушбу жараёнларда тегишли вазирлик, давлат ва нодавлат, жамоат ташкилотлари қаторида Балиқчи туман прокурори Б. Усмонов томонидан ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ташаббускор тадбиркор Б. Турғуновга туникани қайта ишлаш дастгоҳи ва маҳсулот сотиб олиш учун 46 миллион кредит маблағлари ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашилди ва хозирги кунда 6 нафар ишсиз ёш бандлиги таьминланди.

Ёки ЯТТ Ш. Қодировга 1,2 млрд. сўм кредит ажратилишида ёрдам берилиб, 120 нафар 3-7 ёшли болаларни қамраб оладиган “Сафурабону” давлат хусусий-шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилди ва 12 нафар аёл бандлиги таъминланди.
Президентимиз ҳар қандай соҳада сон учун эмас, сифат учун ишлаш лозимлиги такрор-такрор таъкидлайди. Бу бежиз эмас. Чунки қуруқ сондан кўра, сифат муҳимроқ.
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг