Пахтакорга “Малибу” автомобили топширилди
Хабарингиз бор, Фарғона вилоятининг Қўштепа тумани пахтакорлари яқинда давлатга пахта сотиш режасини ортиғи билан бажарган эди.
Бугун ушбу туманда “Fergana global textile” МЧЖ раҳбари Мўминжон Раззоқовнинг оналари Ҳавохон Мадаминовага вилоят ҳокимининг “Ташаккурнома”си ва “Малибу” автомобилини туман ҳокими Илёсжон Новиков топширди.
–Бугун чинакам бахтли она эканлигимни юрагимдан ҳис этдим Фарзандим меҳнати туфайли олқиш олдим, – дейди Ҳавохон ая. –Беш нафар ўғилни вояга етказиб, уларни эл корига камарбаста инсонлар қилиб тарбияладим. Музаффаржон, Муроджон, Алишер, Муродилжон, Мўминжонлар хорижда таҳсил олдилар. Бугунги кунда уларнинг барчаси қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритмоқда.
Дарҳақиқат, элимизнинг ризқ-насибаси бўлган пахтачилик тармоғи истиқболида кластер тизими муҳим аҳамиятга эга бўлди. Туман пахтачилик ривожини янги босқичга олиб чиққан Мўминжон Раззоқов эса кўплаб ютуқларни қўлга киритди.

У раҳбарлик қилаётган “Fergana global textile” МЧЖ фермер хўжаликларига ёнилғи, ўғит ва бошқа зарур воситаларни етказиб бериб, 7240 гектар ер майдонида кластер асосида пахта етиштирди. Давлат омборларига 19 минг 900 тонна пахта ҳосили топширилди.
Фарғона шаҳрида 2020 йилнинг май ойида масъулияти чекланган жамияти қошида экспорт ҳажми 35 миллион долларни ташкил этадиган янги ип-йигирув тўқимачилик комплекси ишга тушади. 1500 дан зиёд иш ўринлари яратилади. Корхона қурилишига тадбиркорнинг шахсий маблағи ва банк кредити ҳисобидан 50 млн. АҚШ доллари жалб этилиши кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, бугун Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани пахтакорлари ҳам давлатга 15 минг 335 тонна хирмон билан шартномавий режани бажарди.
Элёржон Эҳсонов.
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг