Ўзбошимчалик қимматга тушди
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддасига асосан, ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, «Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтириш, уларни кимёвий ва радиоактив моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқава сувлар билан ифлослантириш, ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган объектларни жойлаштириш» сингари ҳолатлар содир этилганда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Аммо кўрилаётган чораларга қарамасдан, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда фуқаролар томонидан ер ресурсларидан қонунга зид тарзда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан ўзлаштириш сингари ҳолатлар учраб турибди. Мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатлар сабабли ернинг унумдор қатламига жиддий зарар етказилаётгани ҳам сир эмас.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекциясининг Тойлоқ туман бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ижроси юзасидан ўтказилган мониторинг-таҳлил тадбирлари давомида қатор қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.
Жумладан, Тойлоқ тумани Хўжаюз маҳалласида истиқомат қилувчи уч нафар фуқаро ҳеч қандай ҳужжатсиз, «Боғизоғон» агросаноат фирмаси ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган «Мусохон Зиёхон» фермер хўжалигига ижарага берилган 1090-рақамли дала контуридаги суғориладиган ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний равишда уй-жой қуриб олиб, ер майдонини қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқариши оқибатида давлатга жами 43 миллион 358 минг 773 сўм зарар етказганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Инспекциянинг Тойлоқ туман бўлими томонидан Тойлоқ туманлараро фуқаролик судига даъво аризаси киритилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Тойлоқ туманлараро фуқаролик судида даъвогар ҳамда жавобгарлар иштирокида суд жараёни бўлиб ўтди. Унда суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, жавобгарлар ҳисобидан давлат фойдасига 43 миллион 358 минг 773 сўм миқдордаги етказилган зарар ва давлат божи ундирилиши белгиланди.
Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг