Ўзбекистоннинг захира активлари 30 миллиард доллардан ошиб кетди

16:00 12 Март 2020 Иқтисодиёт
911 0

Ўзбекистоннинг расмий захира активлари ҳажми 1 март ҳолатига кўра 30,5 млрд. доллардан зиёдни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Халқаро захиралар 30 млрд. долларга тенг бўлди. Айни пайтда захираларнинг деярли барчаси монетар олтин(17,2 млрд.) ва хориж валютаси(12,8 млрд. доллар) кўринишида сақланмоқда. Кучсиз диверсификация билан боғлиқ ушбу муаммо АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олиш эвазига ҳал этилиши режалаштириляпти.

МБ бу каби маълумотларни ошкор этишни бошлаганда()2017 йил куз) расмий захиралар 30 млрд. доллардан ортиқ эди.

Таъкидлаш жоиз, улар асосан олтин нархи қимматлашиши ҳисобига ўсган. Чунки тилланинг ўзи 2020 йил феврали билан солиштирганда 10,7 млн. троя унциядан 10,6 троя унцияга камайган(Маълумот учун, троя унцияси банклар ва заргарлар томонидан қўлланиладиган оғирлик ўлчов бирлиги бўлиб, 31,1034768 граммга тенг). Агар бу тоннага ўгирилса, қарийб 330 тонна деганидир.

Маълумки, захиралар мамлакатнинг “хавфсизлик ёстиқчаси” ҳисобланади. Улар салбий ташқи таъсирлар(шоклар) ҳолатида қалқон вазифасини бажаради. Захираларнинг етишмовчилиги тўғридан-тўғри бундай таъсирларнинг хусусиятига боғлиқдир.

Ўтган йил куз фаслида Ўзбекистон захиралари 13 ой давомида импортни молиялаштиришга етиши маълум қилинганди.

Ҳозирги захиралар эса 15 ойлик импортга етади. Бу халқаро ташкилотлар томонидан ривожланаётган мамлакатлар учун тавсия этилган уч ойлик муддатдан анча кўпдир.

Захираларнинг анча юқори даражада эканлиги эса Марказий банкка келгусида салбий ҳодисалар юз берган вазиятда валюта бозоридаги волатилликни янада фаол чеклаш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, МБ олтинни олтин валюта активларини самарали бошқариш вазифалари, жумладан, халқаро қимматбаҳо металлар бозори таҳлили ҳамда олтин нархи прогнозларидан келиб чиқиб сотмоқда.

2019 йилда олтин валюта резервлари ўзгармас нархларда 237 млн. долларга кўпайган эди. Ўшанда сўмнинг АҚШ долларига нисбатан девальвацияси 13,9 фоизни ташкил этган. Бу МБ алмашув курсига таъсир этиш учун захира активларидан фойдаланмаганини англатади.

Маълумот учун, халқаро захираларни ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Халқаро захираларнинг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер