Ўзбекистонлик журналистлар АҚШнинг илғор тажрибалари билан танишдилар
АҚШ Давлат департаменти қошидаги Хориж матбуот маркази ва мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Вашингтондаги Меридиан Халқаро маркази томонидан ўзбекистонлик журналистлар учун АҚШнинг Калифорния штатига медиа тур ташкил этилди. Мазкур 10 кунлик "Media Co-op-2022" дастурида "Ўзбекистон 24" телерадиоканали, "Фермер" журнали ҳамда "Қалампир.уз" сайти журналистлари иштирок этиб, АҚШда экология, қишлоқ хўжалиги ва сув муаммолари, шамол энергетикасидан самарали фойдаланиш йўналишидаги илғор тажрибалар билан танишдилар.
"Ўзбекистон 24" телерадиоканали журналисти Абдувоҳид Очилов ушбу медиа тур ҳақида қўйидагиларни сўзлаб берди. Ҳамкасбимизнинг айтишича, дастур қатнашчилари "Regenerative Agriculture", "Wind Power", "Climate Reality", "Communities for a Better Environment", "Sierra Club", NRDC, "Lyle Center", "Clean Water Action", "Cisbay", "Fibershed", "Alemany Farm" каби нодавлат ташкилотлари ва фермер хўжаликлари ҳамда Берклидаги Калифорния университетида бўлишди. Мулоқотларда АҚШ нодавлат ташкилотлари ва волонтёрлик гуруҳлари жамоатчилик назоратини ташкил этган ҳолда мавжуд экологик ва ижтимоий муаммоларга маҳаллий ҳукумат эътиборини қаратиш, шу орқали муаммоларни амалий ҳал этиш масалалари билан бирга олимлар томонидан олиб борилаётган изланишлар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Қайд этилишича, Калифорния штатидаги сув танқис ҳудудларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигида сувсизликка чидамли экинларни етиштириш, уруғчиликни ривожлантириш ва интенсив навларни яратиш борасида олиб борилаётган ишлар қатнашчилар эътиборини ўзига тортди. Мазкур ҳудуднинг иқлим шароити Марказий Осиё давлатлари билан ўхшаш бўлиб, Орол денгизи каби бу ерда ҳам Солтон Си кўлини қуриб бораётгани ачинарли ҳолатдир. Мулоқотларда Ўзбекистонда муҳофаза этиладиган ҳудудлар майдонини оширилиши, Оролбўйида экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар самарадорлиги ҳамда "Яшил макон" дастури доирасидаги ишлар бўйича берилган маълумотлар мезбонларда қизиқиш уйғотди.
Медиа дастур қатнашчилари Жошуа миллий марки, Ёшлар Обсерваторияси ҳамда Йосемите миллий паркида бўлиб, атроф-муҳитни асраш бўйича қилинаётган ишлар, табиатни ўз ҳолича сақлаш соҳасидаги илғор тажрибаларни гувоҳи бўлишди. Шунингдек, Сан Франциско шаҳридаги Ўзбеклар жамияти вакиллари билан учрашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг