Ўзбекистонлик мактаб ўқувчиси Италияда ўтказилган халқаро инглиз тили фани олимпиадасида биринчи ўринни эгаллади

19:36 05 Октябр 2023 Жамият
812 0

Фото: "Дунё" АА

Римда “Global Hippo Association” ташкилоти томонидан ўтказилган “HIPPO” халқаро инглиз тили фани олимпиадасининг якуний босқичи бўлиб ўтди.

Жорий йилда мазкур олимпиаданинг саралаш босқичларида 70 га яқин давлатнинг 83 минг нафардан зиёд ўқувчилари иштирок этди.

“HIPPO” халқаро олимпиадасининг Ўзбекистондаги саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар жорий йил июнь ойида Истанбулда (Туркия) ўтказилган ярим финал босқичида куч синашдилар. Унда Бухоро, Сирдарё ва Тошкент мактабларининг тўққиз нафар ўқувчилари ўз гуруҳларида ғолиб чиқиб, финал босқичига йўлланма олган эди.

Шу йилнинг 27-29 сентябрь кунлари Римда Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги шафелигида ўтказилган якуний босқичда турли давлатлардан келган 273 нафар ўқувчи инглиз тилида ўз билимларини синаш учун турли гуруҳларда ўзаро баҳслашди.

Гуруҳлар ўртасида кечган билимлар беллашувида Сирдарё вилояти мактаб ўқувчиси Нигора Тўйчибоева “Little Hippo” гуруҳида ғолиб бўлиб, халқаро олимпиада биринчи ўринни эгаллади.

“Global Hippo Association” нодавлат нотижорат ташкилоти 2012 йилда ташкил этилган. Ушбу ННТ инглиз тили асосий тил бўлмаган давлатларда мактаб ўқувчилари орасида инглиз тилини ўрганишни тарғиб қилади. Буюк Британиянинг “Pearson Education” ташкилоти билан ҳамкорликда 2013 йилдан буён 1-11 синф ўқувчилари орасида ҳар йили “HIPPO” халқаро инглиз тили фани олимпиадаси ўтказиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер