Ўзбекистонда пишлоқни қайта ишлашда Испания технологиялари жорий этилади
Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов Мадрид шаҳрида жойлашган, сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш соҳасида дунёга машҳур “Exclusivas La Cota (Cortenvas)” компанияси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
45 йиллик тажрибага эга ва “Grupo Trepal” таркибига кирувчи ушбу корхона ишлаб чиқарувчилар, йирик чакана савдо тармоқлари ҳамда HoReCa сектори учун профессионал технологик ечимлар тақдим этиши билан танилган.
Ташриф давомида элчи корхона асосчиси ва директори Сенен Фернандес билан музокаралар ўтказди. Фаррух Турсунов компаниянинг ишлаб чиқариш линиялари, маҳсулотларни бўлаклаш ва қадоқлаш жараёнлари ҳамда Испаниянинг замонавий технологик ечимлари билан яқиндан танишди. Қайд этилишича, ушбу технологиялар маҳсулот сифатини Европа стандартлари даражасида сақлаш ва юқори самарадорликка эришиш имконини беради.
Учрашув якунларига кўра, томонлар икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар. Хусусан, Ўзбекистонда пишлоқ маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш бўйича Испаниянинг энг янги технологияларини жорий этиш, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган пишлоқ маҳсулотларини Испания ва Европа бозорларига етказиб бериш истиқболларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги товар айланмасини ошириш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича бир қатор олий даражадаги учрашувлар ўтказилган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг