Ўзбекистонда “Бағрикенглик ҳафталиги” бошланди
Фото: Архив сурат
Кеча юртимиз бўйлаб 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб “Бағрикенглик ҳафталиги” бошланди.
Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси маълумотига кўра, “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остидаги жорий йилги ҳафталик Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 13–19 ноябрь кунлари бутун республикамиз бўйлаб ўтказилмоқда.
Ҳафталик доирасида умумтаълим мактабларида “Миллий анъана ва удумлар” кўргазмалари, “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусида энг яхши иншолар танловлари, “Менинг бағрикенг дунём” мавзусида энг яхши расмлар танловлари, бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечалари ташкил этилади.
Шунингдек, ҳафталик доирасида Республика олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик жамият барқарорлиги шарти” мавзуларида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик умрбоқий қадриятлар” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтади.
Тадбирнинг асосий мақсади – ўсиб келаётган ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат, юрт тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, китобхонликка фаол жалб қилишдан иборат.
БМТ Бош ассамблеяси қарорига кўра, 1997 йилдан буён 16 ноябрь ҳар йили бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланиши яхши анъанага айланган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг