Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи ишлар вазирлари телефон орқали мулоқот қилди

16:33 06 Май 2022 Сиёсат
1128 0

Фото: Иллюстратив фото

2022 йил 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазири Жеэнбек Кулубаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

В.Норов суҳбат аввалида Ж.Кулубаевни лавозимга тайинлангани билан табриклади ва унинг касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Томонлар турли соҳаларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Икки мамлакат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилгани, янги мазмун билан бойигани таъкидланди.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни янада жадаллаштириш бўйича чораларни амалга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Бўлажак тадбирлар жадвали, кун тартиби ва ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилди.

Илиқ ва дўстона руҳда ўтган суҳбат якунида мунтазам алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер