Ўзбекистон ва Қатар ўртасида таълим ва инновациялар соҳасидаги стратегик мулоқот ривожланмоқда
Айни кунларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов бошчилигидаги делегация аъзолари Қатар давлатининг пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб турибди. Бугун вазир ўринбосари С. Бузрукхонов Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусейна бинти Али Ал Нуаймин билан учрашув ўтказди.
Ўтказилган музокаралар таълим, фан ва технологик инновацияларнинг энг муҳим йўналишлари бўйича узоқ муддатли ҳамкорликка асос бўлади. Хусусан, томонлар олий таълим, илмий тадқиқотлар ва инновациялар йўналишларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Вазир ўринбосари С.Бузрукхонов ҳамда Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусейна бинти Али Ал Нуаймин Ўзбекистон ва Қатар ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида икки томонлама алоқаларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Мулоқот давомида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, ҳамкорликда илмий амалиётлар, симпозиумлар ва конференциялар ташкил этиш борасида келишувга эришилди. Шунингдек, томонлар сунъий интеллект, биотехнология, экология ва яшил энергия соҳаларида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига ҳам тўхталишди.
Учрашув якунида ҳукуматлар ўртасида олий таълим, фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлар режаси имзолаш бўйича келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг