Ўзбекистон ва Озарбайжон қизлар терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйини ўтказилди
Кеча, 7 февраль куни Ўзбекистон миллий футбол марказининг захира майдонида Ўзбекистон ва Озарбайжон U20 қизлар терма жамоалари ўртасида иккинчи ўртоқлик ўйини ўтказилди. Дастлабки баҳсда меҳмон жамоа 2:3 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Бу гал эса омад Владимир Панов бошқарувидаги жамоага кулиб боқди.
Учрашув 4:0 ҳисобида Ўзбекистон U20 қизлар терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди. Ўйинда ҳисоб 30-дақиқада Рухшона Олимжонова томонидан очилди. Терма жамоа сардори қарийб 35 метрлик нуқтадан жарима тўпини аниқ йўллади ва Озарбайжон дарвозасига биринчи тўпни киритди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида Эътибор Шодиева бурчак тўпини муваффақиятли тарзда рақиб жарима майдонига етказиб берди. Узатмага ҳаммадан олдин етиб борган Умида Йигиталиева ҳисобдаги фарқни 2 тага оширди.
89-дақиқада меҳмонлар ҳимоячиси жарима майдонига ёриб кираётган Шаҳноза Деканбаевани қўполлик билан тўхтатиб қолди. Учрашув ҳаками ҳеч иккиланмасдан Озарбайжон дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрлик жарима тўпидан Зарина Норбоева аниқ фойдаланди ва Ўзбекистон термасининг учинчи голини киритди.
Учрашувга ҳакам томонидан қўшиб берилган учинчи дақиқада баҳсда энг фаол ҳаракат қилган футболчилардан бири Меҳрибон Эгамбердиева ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Шу тариқа ўйин 4:0 ҳисобида Ўзбекистон U20 қизлар терма жамоасининг ғалабаси билан якунланди.
Ўйиндан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Рухшона Олимжонова ва терма жамоа етакчиси Меҳрибон Эгамбердиева «Халқ сўзи» мухбирига интервью бериб ўтдилар.
— «Ўтган ўйинда мағлубиятга учраганимиз бизга жуда ёмон таъсир қилган эди. Шу сабабли бугунги ўйинга бошқача ёндашув билан чиқдик ва йирик ғалабага эришдик. Бундан жуда хурсандмиз. Ўзбекистон халқини ғалаба билан табриклайман.
Бугунги ўйинда кичик жароҳат олдим. Лекин дастлабки текширувлар уни даволашга 1 ҳафта вақт етарли бўлишини кўрсатмоқда. Насиб этса, мусобақага оптимал ҳолатда бораман», — деб таъкидлади Рухшона Олимжонова.
— «Биринчи ўйинда кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олдик. Ўйинда яққол устунликка эга бўлган эдик. Лекин кутилмаган голларни ўтказиб юбордик ва бу бизнинг мағлубиятимизда асосий омил бўлди. Аммо бугунги ўйинда йирик ғалабага эришдик. Аламимизни олганимиздан хурсандмиз», — деб айтиб ўтди Меҳрибон Эгамбердиева.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U20 терма жамоаси апрель ойида U20 Осиё чемпионати мусобақасида иштирок этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг