Ўзбекистон ва Ҳиндистон биргаликда ҳарбий ўқув машқлари ўтказади
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида имзоланган 2022-2023 йилга икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик режасига мувофиқ, 2023 йилда ўтказилиши режалаштирилган «Дўстлик-2023» биргаликдаги ўзбек-ҳинд ўқувини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Кумаон вилоятидаги Уттаракханд штатининг Питхорагарх шаҳридаги тоғли ҳудудда жойлашган Халқаро тайёргарлик полигонига ташриф буюрди.
Таъкидлаш жоизки, бугун Ўзбекистон кўплаб етакчи хорижий мамлакатларнинг армиялари билан мудофаа соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, ҳарбий ва ҳарбий-техник масалаларида режалаштирилган тадбирларни самарали давом эттирмоқда.
Жумладан, 2019 йилдан Ўзбекистон ҳудудида ўзбек-ҳинд ҳамкорлигида ўтказилган «Дўстлик–2019» тактик ўқув машғулотлари Ҳиндистон билан ҳарбий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, жанговар операцияларни режалаштириш ва олиб боришда илғор тажрибалар билан алмашиш имконини яратди.
Навбатдаги ҳамкорликдаги машқлар 2021 йилнинг март ойида Ҳиндистоннинг Утаранчал штати, Раникхет провинцияси ҳудудида жойлашган «Чаубатия» ўқув марказида ўтказилган бўлиб, унда терроризмга қарши курашиш ва жанговар ўқув операцияларда иштирок этиш орқали икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга эришилди.
2022 йилда Хоразм вилоятида жойлашган Шимоли-ғарбий ҳарбий округнинг «Янгиариқ» умумқўшин полигонида ўтказилган «Дўстлик – 2022» ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари жаҳонда ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар салоҳияти, профессионаллиги ҳамда маҳоратини ошириш борасида ўзаро тажриба алмашиш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи полковник Расул Жапаров ҳамда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Исмоил Қурбонов ҳиндистонлик ҳамкасблари билан шу йилнинг февраль-март ойларида режалаштирилаётган ҳамкорликдаги ўқувларни ўтказиш, Ўзбекистон ҳарбий контингентини қабул қилиш ва жойлаштириш ҳамда таъминот масалаларини келишиб олди.
Мазкур учрашувда икки мамлакат вакилларининг қўшимча таклифлари эътиборга олиниб, икки давлат ҳарбийлари иштирокида спорт ва маданий тадбирларни ҳам ташкил этиш бўйича тавсиялар режага киритилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг