Ўзбекистон ва Бутунжаҳон таэквондо федерацияси ҳамкорлиги янги босқичга чиқмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрель куни ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чо Чунг Вонни қабул қилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда таэквондо билан мунтазам шуғулланувчилар сони деярли икки бараварга ошиб, 35 минг нафарга етди. Вакилларимиз Париждаги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ушбу спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни қўлга киритишди.
Учрашув давомида Чо Чунг Вон Ўзбекистонда спортни жадал ривожлантириш, ёшлар орасида жисмоний тарбияни тарғиб этиш, замонавий инфратузилмани яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, профессионал спортчилар ва ҳакамларни тайёрлаш, юқори технологиялар, сунъий интеллект, спорт тиббиёти борасида илғор тажрибаларни алмашиш ва нуфузли халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда мунтазам ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти мамлакатимизда таэквондони оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси, спорт орқали жаҳон халқларининг ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини кучайтириш борасидаги катта хизматлари учун Чо Чунг Вонни давлатимизнинг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
Чо Чунг Вон, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевга спортни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун Бутунжаҳон таэквондо федерацияси томонидан таъсис этилган олий шахсий мукофот – Шон-шараф орденини топширди.
Ушбу орден илк бор айнан давлатимиз раҳбарига тақдим этилгани, бу юртимизда спортни, хусусан, таэквондони ривожлантириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат бериши таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фаррух Зокиров ижодини кенг тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодга муносиб етказиш тўғрисида
- Закиров Фаррух Каримовични «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлаш тўғрисида
- Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров шарафланди
- Эронда интернет узилиши 47 кундан бери давом этмоқда
- Польша билан иккинчи жаҳон уруши тарихи бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
- WSJ: Европа АҚШнинг НАТОдан эҳтимолий чиқишига қарши захира мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг