Ўзбекистон ва Афғонистон 500 миллион доллардан ортиқ қийматдаги савдо шартномаларини имзолади

09:51 15 Апрель 2026 Жамият
170 0

Ўзбекистон ва Афғонистон икки томонлама иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бизнес-конференция доирасида 520 миллион долларлик қатор савдо шартномаларини туздилар. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Афғонистон савдо-саноат ва инвестиция палатаси охирги олти ой ичида икки давлат иқтисодий институтлари ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада кенгайганини маълум қилди.

Палата раҳбари Саидкарим Ҳошимий таъкидлашича, Ўзбекистон делегацияларининг Афғонистонга мунтазам ташрифлари тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилишига ва савдо алоқаларининг мустаҳкамланишига хизмат қилган.

Унинг сўзларига кўра, ташрифлар давомида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқатни қайта ишлаш, тоғ-кон саноати, транспорт, логистика, қурилиш, нефть маҳсулотлари ва энергетика каби соҳаларда умумий қиймати 1,4 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувлар имзоланган.

Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуруддин Азизий мамлакатни Ўзбекистон маҳсулотлари учун истиқболли бозор деб атади.

Ўз навбатида, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоят тадбиркорлари афғонистонлик ҳамкорлар билан биргаликда қўшма корхоналар, жумладан, цемент, электр кабеллари, фармацевтика ва пойабзал ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер