Ўзбекистон туманида 20 дан ортиқ маҳаллада электр таъминотини яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда
Айни кунларда Ўзбекистон туманида электр таъминотини яхшилаш мақсадида 20 дан зиёд маҳаллада 380 донадан ортиқ янги бетон таянч устунлар ҳамда 7 та трансформатор ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
— Айни жараёнда аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мазкур йўналишдаги ишлар сифатини янада яхшилаш ва тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида манзилли дастур ишлаб чиқилган, — дейди Ўзбекистон тумани электр таъминоти корхонаси раҳбари Шаҳбозбек Ғуломов. — Бунинг самараси сифатида туманнинг энг олис ва чекка ҳудудларида ҳам паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш ишлари бажариляпти. Бу борада асосий эътибор аҳолининг мазкур йўналишдаги мурожаатларини ижобий ҳал этишга қаратилаётир.

Хусусан, шу кунларда тумандаги 15 та маҳаллада бетон таянч устунлари ҳамда 7 та маҳаллада қўшимча янги трансформаторлар ўрнатиляпти. Манзилли дастур доирасида бу ишлар учун «Инфратузилма ва ижтимоий барқарорлик» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 670 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Шу тариқа туман энергетиклари томонидан тумандаги «Ҳайдаробод», «Қўрғонча», «Қудашобод», «Бузуқўрғон» ва «Яккатут» маҳаллаларида белгиланган тартибда бетон таянч устунлари ўрнатилаётган бўлса, «Оқтепа», «Бунёдкор» ва «Бузуқўрғон» маҳаллаларида янги трансформаторлар ўрнатиш ишлари якунига етказилмоқда.
Шунингдек, яқин кунларда «Нурли келажак», «Боғи Эрам», «Беруний», «Жонобод», «Авғон», «Қулибек», «Каримдевона», «Кичик тагоб» ва «Даштҳасан» каби маҳаллаларда ҳам амалий ишларга киришиш режалаштирилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг