Ўзбекистон — Словакия: парламентлараро муносабатлар янада мустаҳкамланади

19:16 17 Апрель 2023 Сиёсат
550 0

Айни кунларда Словакия Миллий кенгаши раиси бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоиловнинг Словакия Миллий кенгаши Спикери Борис Коллар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқот аввалида Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов томонидан Парламент ва ундаги сиёсий фракциялар фаолияти, шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳамда Бош қомусга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, Словакия Миллий Кенгаши Спикери Б.Коллар мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолар экан, мамлакатимиздаги Конституциявий ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтиб, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим сифатини яхшилашга қаратилган нормалар акс эттирилаётганига алоҳида эътибор қаратиб, мазкур ўзгаришлар Ўзбекистон тараққиётига хизмат қилишини таъкидлади.

Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, сўнгги йилларда икки давлат ўртасида турли соҳаларда, жумладан фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурсларини бошқариш тармоқларида ҳамда парламентлараро алоқалар йўналишида ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганига урғу қаратди.

Ўзбекистон ҳамда Словакия ўртасидаги муносабатлар, хусусан сиёсий ва таълим йўналишлардаги ҳамкорлик ривожланиши билан бир пайтда иқтисодий соҳада ҳамда парламентлар ўртасидаги мавжуд салоҳиятдан етарлича фойдаланилмаётгани қайд этилди .

Хусусан, икки давлат ўртасидаги парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш, томонлар қонун ижодкорлиги, жумладан, халқаро парламент тузилмалари доирасидаги тажрибаларни ўрганиш мақсадида мунтазам равишда Парламентлараро Дўстлик гуруҳлари делегацияларнинг ўзаро ташрифларини амалга ошириш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик ришталарини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер