Ўзбекистон-Қозоғистон: олий таълим ва ундан кейинги таълим соҳасидаги ҳамкорлик жадаллашади

12:19 23 Декабрь 2022 Сиёсат
765 0

Фото: president.uz

Хабар берилганидек, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг кенгайтирилган музокаралари якунида икки давлат ўртасида турли соҳалардаги келишув ва шартномалар қаторида олий таълим ва ундан кейинги таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди.

Ҳужжат икки мамлакатнинг олий таълим тизимига масъул раҳбарлар томонидан имзоланди ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни бундан буён ҳам давом эттиришга келишиб олинди.

Битим ҳар йили 20 нафар икки мамлакат фуқароларини олий ўқув юртларда ўқитиш, Ўзбекистонда қозоқ тили ва адабиёти, Қозоғистонда эса ўзбек тили ва адабиётини ўқитишни йўлга қўйиш, таълим ва илм-фан соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, дастурлар, конференция, семинар, маҳорат дарслари, олимпиадалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, икки давлат илмий журналларида мақолалар чоп этишни кўзда тутади.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида университетлараро алоқалар янада кенгайди. Ҳозирда Ўзбекистон ва Қозоғистон олий ўқув юртлари (Қозоғистоннинг 70 дан ортиқ университети) ўртасида ҳамкорлик бўйича 230 дан ортиқ шартнома ва меморандум мавжуд.

Мамлакатимизнинг 6 та олий ўқув юртида қозоқ тили ва адабиёти йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳар йили Қозоғистон олий ўқув юртларининг «Қозоғистон таълим кунлари» кўргазма-ярмаркалари ўтказилади.

Бугунги музокараларда томонлар Марказий Осиё ректорлари форумини бундан буён анъанавий тарзда ташкил этиб боришни қўллаб-қувватладилар. Маълумот ўрнида, жорий йил 12-13 май кунлари Олмаота шаҳрида ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари ректорларининг биринчи форумида юртимизнинг 15 дан ортиқ олий ўқув юрти ректори ва вазирлик масъулларидан иборат делегация иштирок этган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер