Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича ташаббуси БМТ Хавфсизлик кенгашида тақдим этилди
Фото: Халқ сўзи
Жорий йилнинг 20 декабрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари, Муваққат ишлар вакили Нурилла Абдуллаев мамлакатимиз томонидан Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Ҳиндистон раислигида бўлиб ўтган тадбирда БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига Президент Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелиги ва кўмагида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, жаҳон ҳамжамиятининг талабларини босқичма-босқич амалга оширишни ушбу давлат муваққат ҳокимият органлари билан мувофиқлаштириш бўйича юқори даражада халқаро музокаралар олиб борадиган гуруҳни шакллантириш ҳақидаги ташаббуси тақдим этилди.
Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига Ўзбекистоннинг Афғонистондаги муваққат органлар билан ўзаро ҳамкорлигининг самарали тажрибаси ҳақида маълумот берилди. Маълум қилинганидек, Ўзбекистон Толибон ҳаракати билан мулоқот орқали Афғонистоннинг шимолий вилоятларда қизлар учун мактаблар очишга, Покистон денгиз бандаргоҳларига Афғонистон орқали юк транзитини йўлга қўйишга муваффақ бўлди. Шу билан бирга, ўтган 10 ой давомида мазкур транзит йўналиши бўйича ҳар икки йўналишда 600 минг тоннага яқин юк ташилганига эътибор қаратилди.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчиларига афғон мутахассислари ва талабаларини, жумладан, аёлларни ўқитиш ҳамда касбга йўналтириш, электр таъминоти, инфратузилма лойиҳалари, фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиш, афғон халқига кўмаклашиш бўйича республика томонидан кўрсатилаётган ёрдам ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Термиз шаҳридаги кўп функцияли транспорт-логистика хаби орқали ушбу йўналишдаги халқаро саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштирилаётгани қайд этилди. Ушбу хабга БМТ шафелигида халқаро мақом бериш таклифи билдирилди.
Афғон халқи ҳеч қачон уруш қилмагани, уларнинг барчаси афғон заминига ташқаридан олиб келингани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, жаҳон ҳамжамияти афғонлар тақдири, бу мамлакат келажаги учун маънавий жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак.
Бу мамлакатнинг қайта изоляция қилинишига йўл қўймаслик, афғон халқини мамлакатда тобора оғирлашиб бораётган гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий муаммолар билан ёлғиз қолдирмаслик кераклиги билдирилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг