Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Вашингтонда АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашди

20:39 29 Сентябр 2021 Сиёсат
915 0

Фото: «Дунё» AA

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги парламент делегацияси АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида америкалик конгрессменлар билан учрашди.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги  элчихонаси маълумотига кўра, музокаралар чоғида АҚШ қонунчиларига мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилаётган янгиланишлар жараёни, иқтисодиётни эркинлаштириш динамикаси, янги ташқи сиёсат, жумладан, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, Ўзбекистон — АҚШ ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр юритилди.

Конгрессменларга Ўзбекистон Президенти сайловига кўрилаётган тайёргарлик ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Сайлов жараёнида ошкоралик, адолат ва тенглик асосида, умумэътироф этилган демократик меъёрларга мувофиқ овоз беришни ташкил этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар алоҳида қайд этилди.

АҚШ Конгрессида «Ўзбекистон бўйича кокус» аъзоси, Миссисипи штатидан сайланган республикачи конгрессмен Стефан Палассо Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўз табригини изҳор этди. 

«Жорий йил Ўзбекистон замонавий тарихидаги муҳим босқич нишонланмоқда ва АҚШ вакиллари ушбу санани нишонлашда минтақадаги энг яқин ҳамкори ёнида бўлишдан чин дилдан мамнундирлар», деди  Стефан Палассо.

Конгрессменга кўра, Ўзбекистон билан ҳамкорлик АҚШ ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир. Америкалик қонунчи Миссисипи штати раҳбари Фил Браянт АҚШ губернаторлари орасида Ўзбекистонга биринчи бўлиб сафар қилганига алоҳида урғу берди. 

«Губернаторнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашуви Ўзбекистон ва Миссисипи штати ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликка асос солди», дея таъкидлади у.

Конгрессмен қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, бу соҳадаги илмий ўзаро академик алмашинувни кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон мудофаа вазирлиги ва Миссисипи миллий гвардияси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари деб атади.

Техас штатидан сайланган республикаси конгрессмен, разведка ва терроризмга қарши курашиш бўйича кичик қўмита ҳамраиси Август Пфлюгер 4-7 октябрь кунлари АҚШ конгрессменлар гуруҳи таркибида Ўзбекистонга сафарга отланаётганини маълум қилди. 

«Мен Ўзбекистон расмийлари билан учрашишни сабрсизлик билан кутяпман, шунингдек, мамлакатнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларини зиёрат қилишни ҳам режалаштирганман», деди Август Пфлюгер.

У суҳбат чоғида конгрессменлар Трент Келли ва Висенте Гонсалес томонидан Конгресс муҳокамасига киритилган Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус резолюцияга ҳаммуаллифлик қилишга тайёрлигини билдирди. У Техас штатидан бошқа қонунчиларни ушбу ҳужжатни маъқуллашга жалб этишини билдирди.

АҚШ Конгрессининг ташқи ишлар ва суд ҳокимияти бўйича қўмитаси аъзоси, Калифорния штатидан сайланган республикачи конгрессмен Даррел Иссанинг таъкидлашича, Ўзбекистон ислоҳотларни ўтказиш жараёнида собитқадамлик қилмоқда, мамлакатда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Конгрессмен бундан аввал Нур-Султон ва Кобул шаҳарларига сафар қилгани, минтақа, жумладан, Ўзбекистон билан яхши таниш эканини айтди. Шу муносабат билан қонун чиқарувчи АҚШ Конгресси делегацияси таркибида мамлакатимизга сафар қилишга тайёргарлик кўраётганидан мамнуният изҳор қилди.

У Вакиллар палатасидаги «Ўзбекистон бўйича кокус» фаолиятидан хабардорлигини маълум қилди. 

«Ўзбекистон дўстлари гуруҳи Капитолийда кенг қўллаб-қувватланмоқда», - дея қўшимча қилди Даррел Исса. Шу маънода, ушбу дўстлик гуруҳига қўшилишга бўлган қизиқишини тасдиқлади.

Учрашувлар чоғида конгрессменлар билан Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигининг долзарб масалалари бўйича мунтазам алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

«Дунё» АА. Вашингтон.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер