Ўзбекистон номидан Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказилди

14:53 18 Март 2026 Сиёсат
243 0

Фото: ТИВ

Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси номидан биродар Афғонистон халқига инсонпарварлик ёрдами етказилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур ташаббус Рамазон ҳайити муносабати билан афғон халқини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги яқин қўшничилик ва дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилган.

Умумий оғирлиги 290 тоннадан зиёд бўлган инсонпарварлик юки – ун, гуруч, буғдой, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари, макарон, қандолат ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат.

Фото: ТИВ

Қайд этилишича, инсонпарварлик юкини расман топшириш маросими Ҳайратон шаҳрида бўлиб ўтган.

Маросимда сўзга чиққан Балх вилояти губернатори ўринбосари Мавлавий Абу Идрис, Ташқи ишлар вазирлигининг Балх вилояти бўлинмаси раҳбарияти, шунингдек, Ҳайратон шаҳар ҳокимлиги вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқига доимий кўрсатиб келинаётган эътибор, ғамхўрлик, амалий қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун самимий миннатдорлик билдирган.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ойбек Усманов ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер