Миллий фоно-архив намуналари Россиядан юртимизга олиб келинади

16:15 27 Март 2025 Жамият
227 0

Россияда сақланаётган “Шашмақом”га оид нодир аудиоёзувлар ва мусиқа намуналари юртимизга олиб келинади. Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати хабарига кўра, ушбу тарихий мерос бир асрдан зиёд вақт мобайнида Пушкин уйида сақланган бўлиб, унинг таркибида халқ мусиқасига оид ноёб фоно-архив материаллари мавжуд.

XVIII асрда Бухорода шаклланган мақомлар туркуми, ўзбек ва тожик халқлари маданий меросининг энг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Унинг таъсирида Хоразм мақомлари, Фарғона-Тошкент мақом йўллари каби турли мусиқий анъаналар ривожланган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу нодир меросга катта эътибор қаратиб, махсус ҳужжатли фильмлар ва видеоконтентлар тайёрлашни режалаштирган. Шунингдек, Марказ экспозициясида ушбу ноёб мусиқа намуналарини доимий равишда намойиш этиш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда “Шашмақом”га оид ноёб қўлёзмалар, грампластинкалар ва санъат намуналари турли музейлар ва санъат уйларида сақланади. Россиядан келтириладиган фоно-архив эса бу бойликни янада тўлдиради ва мусиқа санъати тараққиёти учун янги имкониятлар яратади.

Ўзбек композиторлари ва бастакорлари ҳозир ҳам “Шашмақом”дан илҳомланиб ижод қилишда давом этмоқда. Ушбу мусиқа анъанаси нафақат ўтмиш маданий мероси, балки миллий санъатимиз келажагини ҳам шакллантирувчи қимматли бойликдир.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер