Ўзбекистон-Корея Электрон Ҳукумат ва Рақамли Иқтисодиёт ҳамкорлик форуми ўтказилди
Бугун, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида Ўзбекистон—Корея Электрон Ҳукумат ва Рақамли Иқтисодиёт ҳамкорлик форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вазир ўринбосари Жамшид Эгамбердиев, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ким Хисан, Корея—Ўзбекистон электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлиги бўйича эксперт гуруҳи раҳбари Ко Таэк-Жин ва бир қатор экспертлар иштирок этди.
Форумда АКТ вазири ўринбосари Жамшид Эгамбердиев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Электрон ҳукумат» тараққиёт индексига кўра Ўзбекистон 2022 йилда 193 та давлат ичида 69-ўринни эгаллаб, 2020 йилга нисбатан 18 поғонага ўсганини таъкидлади.
Бинобарин, Ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон—Корея ҳамкорлигини юксак қадрлаган ҳолда, қуйидаги истиқболли йўналишларда ҳамкорликни янада жадаллаштиришни таклиф этилди:
Жумладан, Корея Республикасининг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт соҳаларида Корея томони билан ҳамкорликни ривожлантириш;
— Технопарклар ва инновацион марказларни ривожлантириш ва самарали бошқариш йўналишида ҳамкорлик қилиш;
— Инсон капитали ИТ-индустрияни ривожлантиришнинг муҳим омили эканлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон ва Корея ихтисослаштирилган университетлари ўртасида ИТ-таълим соҳасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш.
Тадбир доирасида сунъий интеллект ва ақлли шаҳарни ривожлантириш йўналишида ҳам ҳамкорликни кучайтириш, биринчи навбатда, тажрибани ўрганиш ва биргаликда ўзаро ҳамкорлик нуқталарини аниқлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, Электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналишларида тажриба алмашиш дастурлари ва малака ошириш курслари сонини кўпайтириш бўйича масалаларга эътибор қаратилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг