Ўзбекистон элчиси АҚШнинг “FLEX” таълим дастури иштирокчилари билан очиқ мулоқот ўтказди
Фото: "Халқ сўзи"
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Вахaбов Америка Қўшма Штатларида таълим олаётган “Future Leaders Exchange” (FLEX) таълим дастури иштирокчилари билан видеоконференция орқали очиқ мулоқот ўтказди.
«FLEX» алмашинув дастури иштирокчиларга бир ўқув йили давомида АҚШ мактабларида таълим олиш, оилавий муҳитда яшаш, жамиятнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш имконини беради. Дастур ўз фаолиятини илк бор 1993 йилда бошлаган ва ўтган давр мобайнида 1 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ўқувчилар Америка Қўшма Штатларида билим олишган.
2021-2022 ўқув йилида Ўзбекистонлик бир гуруҳ ўрта мактаб ўқувчилари маълум муддат танаффусдан сўнг биринчи марта дастур доирасида Американинг турли штатларида таълим олишди. 2022 йилнинг сентябрь ойида эса 35 нафар юқори синф ўқувчилари АҚШнинг 21 та штатида жойлашган, хусусан, Аризона, Огаё, Орегон, Калифорния, Техас, Нью-Йорк, Колорадо, Ню-Мексико, Монтана, Иллиноис, Миннесота, Гаваи ўрта мактабларида бир йил давомида таълим олиш учун ташриф буюришди.
Ëшларимиз билан ўтган суҳбат аввалида элчи томонидан мамлакатимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, хорижда таълим олишлари учун яратилган кенг имкониятлар, давлатимиз раҳбари томонидан ҳар томонлама баркамол ва юксак малакали кадрлар тайёрлашга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, дипломатик миссия фаолияти, кенг қамровли Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги, жумладан, таълим ва гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари ҳақида гапириб ўтилди. АҚШ ва Ўзбекистон университетлари ўртасида тўғридан-тўғри шерикликнинг натижалари, Қўшма Штатлар билан биргаликда амалга оширилаётган таълим дастурлари ҳақида айтиб берилди. Бундан ташқари, ҳудудлараро ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани, Ўзбекистон ва АҚШ шаҳарлари, хусусан Тошкент-Сиетл, Бухоро-Санта-Фе, Зарафшон-Клинтон ўртасида қардош алоқалар ташкил этилгани таъкидланди.
Ўз навбатида АҚШ давлат департаменти Жанубий ва Марказий Осиё бюроси матбуот ва халқ дипломатияси бошқармаси бошлиғи Молли Л. Стефенсон барча иштирокчиларни янги ўқув йилини муваффақиятли бошлаб олганликлари билан табриклади. Давлат департаменти ходими ўзи ҳам «FLEX» каби алмашинув дастурида қатнашганини айтар экан, Ўзбекистонлик ўқувчилар ҳар қандай савол, таклиф ва ғоялари, ёки муаммолар билан тўғридан-тўғри мурожаат этишлари мумкинлигини айтди. Шунингдек давлат департаменти масъули, Ўзбекистонлик ёшлар ўқув йили мобайнида нафақат ўз билимларини кенгайтиришга, балки икки томонлама муносабатларни чуқурлашишига ўз ҳиссаларини қўшишларига ишончи комиллигини айтди.
Мулоқот давомида «FLEX» алмашинув дастури қатнашчилари АҚШ мактабларида ташкил этилган таълим жараёни, яшаш шароитлари ҳақида сўзлаб беришди. Шу ўринда, Мичиган штатида таҳсил олаётган Исаев Ҳамидуллонинг сўзларига кўра «мактабдаги шароитлар аъло даражада бўлиб, турли қўшимча клублар ва дарслар ташкил этилган. Бу жуда кўп янги дўстлар орттириш билан бирга билим ва тажриба алмашиш имкониятини ҳам тақдим этади».
Иштирокчилар Америка ўрта мактаблари ҳақидаги тасаввурлари ҳақида бўлишишда давом этишар экан, бу ерда турли спорт тўгараклари борлиги ва ушбу тўгаракларда улар кўплаб янги дўстлар орттирганликлари ҳақида айтишди. «Бу ердаги ўқитувчиларим ва синфдошларим жуда самимий ва ҳар доим ёрдам беришга ҳаракат қилишади. Ҳозирда махсус волейбол спорт гуруҳида қатнашмоқдаман» – дейди Монтана штати Терри шаҳридан Зарипова Мохитабон.
Колорадо штати Ларкспер шаҳрида таҳсил олаётган Раимжонов Кудратилло эса «менинг АҚШ мактаблари тўғрисидаги барча стереотипларим нотўғри бўлиб чиқди. Ўқитувчи ва ўқувчилар жуда самимий, меҳрибон ва доим ёрдам беришга тайёр. Мен бу ерда янги билимларни ўрганиш ва маданият алмашиш учун кўплаб дўстлар орттирдим» – деб таъкидлади.
Кўпчилик ёшлар ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларда илк Ўзбекистонлик бўлганликлари туфайли, улар янги дўстларига мамлакатимиз маданияти, миллий урф-одатлари ва анъаналари, санъати, хусусан миллий рақсларимиз ва либосларимиз ҳақида айтиб, кенг тарғиб қилаётганликларини таъкидлашди. «Мен Блафтон шаҳрида (Индиана штати) ҳар доим ватанимизни маҳаллий Америкаликлар орасида танитиш, унинг жозибадор хислатларини ва кўрку таровати ҳақида кўпроқ гапириб беришга ҳаракат қиламан. Мен бу ерда биринчи ўзбек бўлганимдан фахрланаман» – дейди Гайбуллаева Фарангиз.
Шунингдек Ўзбекистонлик ёшлар мезбон оилалардан ҳам жуда мамнун эканликларини айтишди. Ушбу оилалар меҳмондўст ва очиқ кўнгил бўлиб, билим олиш ва мазмунли вақт ўтказиш учун керакли шароитлар яратишганини ҳамда доимий равишда турли ижтимоий тадбирларда қатнашишга кўмаклашаётганликларини таъкидлашди. «Бизни қабул қилган оилалар - жуда самимий, очиқ ва ҳар доим сизга ёрдам беришга тайёр. Агар сизга ёрдам керак бўлмаса ҳам, улар сизнинг ҳолатингиз, мактабдаги ютуқларингиз билан доим қизиқишади» – дейди Техас штати Сан-Антонио шаҳрида таълим олаётган Азамат Эркинов.
Очиқ ва дўстона руҳда ўтган суҳбат давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган, ўқиш жараёни ва турли маиший ҳолатлар билан боғлиқ саволлар беришди ва уларга кенг кўламли жавоблар олишди.
Онлайн мулоқот якунида Ўзбекистонлик ўқувчилар, Элчихона ходимлари ва «FLEX» алмашинув дастури координаторлари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилди ва келгусида бундай учрашувларни доимий равишда ташкил этишга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг