Ўзбекистон элчихонаси "World Leisure Awards 2023 — WLA 2023" мукофотига сазовор бўлди

12:33 28 Октябр 2023 Дунё
254 0

Ўзбекистон элчихонаси Хитой пойтахтида бўлиб ўтган 2023 йилги бутунжаҳон "World Leisure Awards 2023 - WLA 2023" мукофотига сазовор бўлди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Пекин шаҳри Пингу тумани ҳукумати, Хитойнинг 24 та етакчи сайёҳлик компания ва агентликлари, 10 дан зиёд ОАВ ҳамда 20 га яқин чет эл дипломатия ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда глобал туризм бозорининг 2023 йилдаги ҳолати, унинг истиқболлари, келажакдаги тенденциялари борасида ахборот алмашилиб, соҳа экспертларининг таҳлилий фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Шунингдек, туризм соҳаси ривожи хусусан, янги маршрутлар, юқори хизмат кўрсатувчи қулайликларга эга меҳмонхоналар, дам олиш масканларини ташкил этиш, халқаро авиақатнов ва круиз кемалари ҳаракатини йўлга қўйиш, сайёҳлар учун қулай рақамли тўловлар очишда қўшаётган ҳиссалари учун бир қатор сайёҳлик компаниялар ва элчихоналарга мукофотлар тақдим этилди.

Ўзбекистон элчихонаси ҳам Хитойда мамлакатимизнинг бой маданияти ва сайёҳлик салоҳиятини хусусан, туризмнинг барча турлари бўйича юртимизга ташриф буюраётган хитойликлар орасидаги фаол тарғибот ишлари ҳамда Ўзбекистон хорижлик туристлар учун энг хавфсиз мамлакатлардан бири деб топилгани учун ушбу мукофотни қўлга киритди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон дипломатлари меҳмонларга мамлакатимизда сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар.

Жумладан, Ўзбекистон халқаро туризмни ривожлантириш ва уни янги босқичларга кўтариш борасида улкан имкониятларга эга эканлиги қайд этилиб, юртимизнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларимизнинг салоҳияти алоҳида таъкидланди.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг 1 мартидан бошлаб Ўзбекистонда хитойликлар учун 10 кунгача визасиз бўлиш тизими яратилгани ва айни вақтда Хитойнинг Пекин, Сиань, Урумчи, Чэнду шаҳарларидан Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига ҳафтасига 16 марта авиақатновлар йўлга қўйилганлиги қайд этилди.

«WLA 2023» – «China Travel & Leisure Magazine» нашри томонидан ҳар йили туризм саноати ривожида дунёда етакчилик қиладиган мамлакатлар ва тадбиркорлик субъектларига тақдим этиладиган мукофот ҳисобланади. Жорий йилда ушбу мукофотга сазовор бўлганлар сони жами 172 тага етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер