Ўзбекистон делегацияси «Хитой – Марказий Осиё» индустриал-инвестицион форумида иштирок этди
Хитойнинг тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси ҳамда Шандун провинцияси маъмурияти томонидан ташкил этилган мазкур халқаро тадбирда турли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ишбилармон доиралари вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари Бош вазирлари ўринбосарлари, Хитойдаги хорижий элчихоналар раҳбарлари ва ОАВ вакиллари қатнашди.
Форум 2022 йилнинг 25 январида «Марказий Осиё давлатлари – Хитой» ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган онлайн-саммитда Хитой Раиси Си Сзинпин томонидан илгари сурилган ташаббус бўлиб, мазкур давлатлар ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишни фаоллаштиришга қаратилган.
Тадбир очилишида Хитой Раиси Си Сзинпиннинг иштирокчиларга мурожаати Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитаси раиси Хе Лифен томонидан видео алоқа тарзида ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари Бош вазирлари ўринбосарлари, Шандун провинцияси губернатори, Марказий Осиё мамлакатларининг Хитойдаги элчилари ва бошқа юқори мартабали расмий шахслар сўзга чиқиб, Хитой билан турли соҳалардаги икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритди.
Тадбирда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев видеомурожаат билан иштирок этиб, мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти, инвестиция ва экспорт салоҳияти, Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, 2022 йилда ўзаро савдо айланмаси 20 фоизга ошиб, қарийб 9 миллиард долларга етгани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Хитой капитали иштирокида 2100 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатаётгани ҳамда 2017 йилдан бери ўзлаштирилган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми қарийб 11 миллиард долларни ташкил этгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида савдо ва саноат, «яшил» инвестициялар, транспорт инфратузилмаси ҳамда қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш масалаларига урғу берилди.
Форумда «Хитой-Марказий Осиё» индустриал ва инвестицион ҳамкорлик ташаббуси томонлар тарафидан қабул қилингани эълон қилинди.
Тадбир давомида, шунингдек, «Саноат кооперацияси учун умумий маконни биргаликда қуриш» мавзуси остида қатор тақдимотлар ўтказилди.
Унда Марказий Осиё мамлакатлари ўзларининг савдо-иқтисодий имкониятлари, эркин иқтисодий ҳудудлар, инвестицион иқлим, устувор саноат соҳалари, ҳукуматлари томонидан илгари сурилаётган қулайликларни тақдимот этди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг