Ўзбекистон делегацияси БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 67-сессиясида иштирок этмоқда
Жорий йил 6 март куни Нью-Йорк шаҳрида иш бошлаган БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 67-сессиясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмоқда.
Бу йилги йиғилиш «Инновациялар ва технологик ўзгаришлар ва рақамли асрда гендер тенглигига эришиш ва барча аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш асридаги таълим» мавзусига бағишланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ш.Турдиқулова бошчилигидаги Олий Мажлис Сенати, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлиги вакилларидан иборат делегация иштирок этмоқда.
Тадбир 1000 нафарга яқин аъзо мамлакатлар ҳукуматлари вакилларини, халқаро тузилмалар, ЭКОСОС томонидан аккредитациядан ўтган гендер масалаларида фаолият олиб борувчи ноҳукумат ва нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари ва ОАВ вакилларини ўз атрофида жамлади.
Сессиянинг очилиш маросимида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш нутқ сўзлар экан, дунёнинг кўплаб мамлакатларида аёллар ва қизлар ҳуқуқлари кескин ёмонлашганидан огоҳлантириб, аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик «тобора узоқлашиб бораётганини» таъкидлади.
Бош котибнинг айтишича, «халқаро ҳамжамият ўтган ўн йилликларда эришган тараққиёт аломатлари кўз ўнгимизда йўқолиб бормоқда ва гендер тенглигига, агар у учун кураш шу суръатда давом этса, 300 йилдан кейин эришиш мумкин. Оналар ўлимининг кўпайиши, қизларнинг таълим муассасаларидан четлатилиши ҳамда ёш турмушга чиқишини мисол тариқасида келтириб, «бутун дунёда хотин-қизлар ҳуқуқлари поймол қилинмоқда ва хавф остида қолмоқда».
БМТ раҳбари пандемия миллионлаб аёллар ва қизлар, ҳақ тўланадиган ишдан кетишга мажбур бўлган оналар, эрта турмуш қуришга мажбур бўлган вояга етмаган қизлар учун қандай оқибатларга олиб келганини эслатди.
Унинг қайд этишича, уч миллиард одам ҳали ҳам интернетга уланмаган ва уларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатлардаги аёллар ва қизлардир. Кам ривожланган мамлакатларда аёлларнинг атиги 19 фоизи интернетга эга. “Aсрлар давомидаги патриархат, дискриминация ва стереотиплар илм-фан ва технология соҳасида катта гендер тафовутини юзага келтирди», деди А.Гутерриш.
Тадбирда асрлар давомидаги патриархат, дискриминация ва зарарли стереотиплар илм-фан ва технология соҳасида эркаклар ҳамда аёллар ўртасида катта тафовутни яратгани, ҳукуматлар фуқаролик жамияти ва бизнес вакилларининг тенг ҳуқуқли таълим имкониятларини таъминлаши, малака ошириш ва «рақамли гендер тафовутини бартараф этиш»га сармояларни кўпайтириш учун «биргаликда ишлаш» лозимлиги қайд этилди.
Мазкур тадбирда делегация иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган гендер тенглик сиёсати, таълим, ва илм фанда хотин-қизларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳамда хотин - қизларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланишида инновацион ёндашув, аёллар тадбиркорлиги ва бизнес йўналишида имкониятларни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилгани баробарида бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси ҳам тақдим қилинди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз делегацияси сессиянинг «гендер тенглигини технологик усуллар воситасида ривожлантиришда парламентларнинг роли» ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ва янада хавфсиз рақамли макон яратишда инклюзив инновациялар ва технологик ўзгаришларни ривожлантириш мавзусига бағишланган шубаларда иштирок этди.
Шунингдек, Ўзбекистон вакиллари «БМТ-аёллар» тузилмаси, БМТ Aҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) ҳамда Венгрия ва Қирғизистон ҳукумати вакиллари билан икки томонлама музокаралар ўтказишди.
Жумладан, «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори ўринбосари Анита Бхатия Ўзбекистонда гендер тенглиги ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги мавқейини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди.
БМТ вакили 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастурни амалга оширишда Ташкилотнинг техник ва молиявий кўмагини жалб этиш юзасидан ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди. Жумладан, аёлларни тадбиркорлик фаолиятга кенг жалб қилиш борасида инновация ва рақамли технология дастурларини ишга тушириш бўйича ҳамкорликка оид аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Учрашув натижасига кўра жорий апрель ойидан бошлаб «БМТ-аёллар» тузилмасининг Ўзбекистондаги фаолияти ва лойиҳаларини амалга оширишга масъул менежер лавозимини жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
ЮНФПАнинг Гендер ва инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича маслаҳатчиси Нафиссатоу Диоп Ўзбекистонда гендер тенглик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами, қабул қилинаётган қонунларни доимий кузатиб боришини маълум қилар экан, олиб борилаётган гендерга оид сиёсат самарали натижа бераётганини эътироф этди.
Мулоқот давомида:
— зўравонликни содир этган шахслар билан ишлаш бўйича стандарт операцион иш тартибларини (СОТ) жорий этиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттириш;
— Ўзбекистондаги Халқаро Ислом академияси билан ҳамкорликда амалга оширилган «Исломда гендер тамойили» илмий лойиҳасини оммалаштириш;
— ОАВ вакиллари учун гендер сезгирлик бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш;
— гендер статистикасини самарали юритиш;
— зўравонликка учраган ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун тренинглар ўтказиш самарадорлигини яхшилаш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди.
Венгриянинг маданият ва инновациялар давлат котиби ўринбосари Аттила Бенеда билан учрашув жараёнида икки давлат ўртасида стартап лойиҳалари танловларини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича Венгрия тажрибасини ўрганиш юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизга биотехнологиялар, агротехнологиялар, яшил энергетика ва механизация соҳаларида венгер инвестициялари ва компанияларини жалб қилиш, бу орқали иш ўринларини яратиш масаласи муҳокама қилинди.
Қирғизистон Олий таълим вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда олий таълим ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий механизмлари муҳокама этилди. Жорий йилда талаба қизлар билан боғлиқ стартап ва инновация лойиҳаларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
БМТ Хотин-қизлар мақоми бўйича комиссиясининг 67-сессияси ўз ишини 17 мартга қадар давом эттиради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг