Ўзбекистон чорвачилик учун Беларусдан ер ижарага олади

10:38 16 Апрель 2026 Жамият
140 0

Ўзбекистон чорва молларини етиштириш учун Беларусдан узоқ муддатли ижарага ер олади, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қашқадарё вилояти делегацияси Беларусга амалий ташриф буюрди, унинг давомида узоқ муддатли стратегик шериклик учун асослар яратилди.

Ўзбекистон вакиллари Витебск вилоятининг бир қатор туманларида, жумладан, Браслав, Шумилин ва Постав туманларида чорвачилик мажмуалари ва савдо объектлари фаолиятини ўргандилар.

«Миссиянинг энг муҳим амалий натижаси — «Асл Юксалиш Савдо», «Муборак» қоракўлчилик корхоналари ва Шумилин туманида жойлашган «Сиротинский» чорвачилик фермаси ўртасида келишувга эришилгани бўлди», — дейилади хабарда.

Келишувларга кўра, Ўзбекистон томони 4 минг гектар экин майдонини узоқ муддатли ижарага олмоқда. Ушбу участка негизида кенг кўламли лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, унинг биринчи босқичида 1 минг бош йирик шохли қорамол етиштирилади.

Шунингдек, «Асл Юксалиш Савдо» корхонаси «Доброном» ЁАЖ йирик савдо тармоғи билан шартнома имзолади. Унга кўра, Ўзбекистондан Беларусга йилига 60 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берилади. Етказиб бериладиган маҳсулотлар туркумига қуритилган мевалар, дуккакли экинлар, шунингдек, полиз маҳсулотлари ва узум киради.

Бундан ташқари, туристик оқимни фаоллаштириш мақсадида икки мамлакат туризм бизнеси вакиллари учун ўзаро танишув сафарларини ташкил этишга қарор қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер