Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди
2021 йил 4 мартда “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад, Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар савдосини янада такомиллаштириш ҳисобланади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов, Беларусь Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Субботин, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг Ўзбекистон томонидан ҳамраиси А.Икромов, Беларусь Савдо-саноат палатаси раиси, Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг Беларусь томони ҳамраиси В. Уловович ва масъул вазирликлар ва идоралардан вакиллар, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А. Икромов ўз нутқи давомида сўнгги йилларда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашганини таъкидлади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳам мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Шунингдек, Палата раиси ҳар икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ҳудудлараро кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, саноат кооперациясини такомиллаштириш, товар ва хизматларнинг ўзаро савдоси учун қулай шароитларни таъминлаш бўйича ишларни давом эттиришлари зарурлигига эътибор қаратди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисмидир. Беларусь Республикаси Ўзбекистоннинг ўнта асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади.

Учрашув давомида мазкур Ишбилармонлар Кенгашининг ҳаракатлар режасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, икки мамлакат ишбилармон доираларининг “B2B” ва “B2G” форматидаги учрашувлари ташкил этилди.
Икки мамлакат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувлар доирасида Ўзбекистон-Беларусь савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантириш ва турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Ўзбекистон ва Беларусь мамлакатларида фаолият юритаётган компаниялари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Ташкил этилган очиқ мулоқотлар, истиқболли лойиҳалар ва келишувларни ишлаб чиқишни ўз ичига олган ўзаро манфаатли йўналишларни аниқ белгилашга ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматини яратишга имкон берди.

Ўзбекистон-Беларусь ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг саккизинчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши давомида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, енгил саноат, тиббиёт ва фармацевтика, транспорт ва логистика соҳалари ва бошқа соҳаларда мутасадди вакилларнинг нутқлари тингланди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси 2022 йилга мўлжалланган ҳаракатлар режасини тўлақонли амалга оширишга тайёр эканлигини билдириб, келгусида амалий натижаларга эришилишига ишонч билдирди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг