Ўзбекистон аэропортларида «Tax Free» тизими: у қандай ишлайди?
«Tax Free» тизими хорижий фуқароларга Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилишда тўланган ҚҚС суммаларини қайтаришни назарда тутади. Кешбек тўлови амалга ошириладиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган. Бундай товарлар қаторига эсдалик совғалари, ёнғоқлар, мевалар ва қуритилган мевалар, чарм ва мўйнали маҳсулотлар, гиламлар, тўқимачилик маҳсулотлари ва бошқалар киради.
ҚҚС тўловини қайтариш учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва амалга оширилган харидлар квитанциясини сканерлаш лозим. Аэропорт орқали жўнаб кетаётганда, йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра «Tax Free» пештахтасига бориши, бортга чиқиш талони ва товарларнинг ўзини кўрсатиши керак бўлади. «Tax Free» да рўйхатдан ўтказилган товарни қўл юки сифатида олиб ўтиш ёки уни рўйхатдан ўтиш пештахтасига қайтариб, багажга топшириш мумкин.
«Tax Free» тизимига кирувчи товарларнинг умумий харид суммаси камида 1 миллион сўм бўлиши керак. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаслиги ва ишлатилмаслиги керак. Солиқ қўмитаси ходимлари маҳсулотнинг барча мезонларга жавоб беришини текширгандан сўнг, кешбек расмийлаштирилади. Турли тоифадаги товарлар учун йўловчи ҚҚС суммасининг 90 фоизигача кешбек олиши мумкин. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва тўловни қайтариш рўйхатга олинган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин амалга оширилади.
Бугунги кунда «Tax Free» тизими Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида ишга туширилган. «Tax Free» тизими яқин вақт ичида мамлакатимизнинг барча 11 та халқаро аэропортида татбиқ этилиши режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг