“Ўзбек маҳсулотларини дунё бозорига сифатли олиб чиқишга ҳисса қўшамиз”
Ўтган йили Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган 769 та корхона томонидан 722 миллион долларлик саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Экспорт географияси ва салмоғи янги давлатлар, маҳсулотлар ҳисобига кенгайиб бораётган бўлсада, эришилган натижа ҳали мавжуд салоҳиятга мос эмас.
Фарғона шаҳрида жойлашган вилоят “Тадбиркорлар уйи”да ўтказилган юзма-юз мулоқотда ана шу хусусда сўз юритилди. Очиқ мулоқот Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази – UzTest ДУК билан ҳамкорликда ташкил этилди. “Ўзбек маҳсулотларини дунё бозорига сифатли олиб чиқишга ҳисса қўшамиз” деб номланган тадбирда фарғоналик тадбиркорлар билан бирга мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан экспортчи корхоналар ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда бугунги кучли рақобат шароитида юқори технологиялар асосида тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш, жаҳон бозорига тайёр маҳсулотлар етказиб бериш, ишончли хорижий шерик ва ҳамкорлар топиш каби муҳим мавзуларда ўзаро фикр алмашилди. Айни жараёнда эришилаётган натижалар сарҳисоб этилиб, муаммолар юзасидан мутасаддиларнинг жавоблари олинди. Ютуқлар кўламини кенгайтиришда ўзаро ҳамжиҳатликда ишлаш муҳимлиги таъкидланди.

— 2024 йили вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Алибек Турсунов. — Шу мақсадда мева-сабзавотларни саноат усулида қайта ишлаш, қадоқланган ҳолда экспортга йўналтириш, янги бозорлар топиш, сифат назорати, транспорт-логистика хизматлари фаолиятини жаҳон андозаларига мувофиқлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
Бугунги мулоқотда ҳам турли йўналишларда тақдимотлар ўтказилиб, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Бу борада тадбиркорларга яратилаётган шароитлар, имтиёзлар тушунтирилди. Энг муҳими, экспорт – юрт шаъни ва ғурури эканлиги, ушбу йўналишда ҳар бир тадбиркор доимий изланишда бўлиши кераклиги таъкидланди.
Тадбирда вилоятда ишлаб чиқарилаётган кенг ассортиментдаги маҳсулотлар кўргазмаси ҳам уюштирилди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг