Ўзаро алоқаларнинг янги уфқлари

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлди. Олий мартабали меҳмон депутатлар ва сенаторлар олдида нутқ сўзлаб, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар, парламентлараро муносабатлар, манфаатли ҳамкорлик истиқболлари хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди. Мухбиримиз мазкур ташрифнинг аҳамияти ҳақида парламент қуйи палатаси депутатлари фикрлари билан қизиқди.
Абдураҳим ҚУРБОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати:
— Бугунги кунда Ўзбекистон ҳамда Туркия раҳбарлари ўртасидаги дўстона алоқалар, мунтазамлик касб этаётган учрашувлар, самимий мулоқотлар ўзаро ҳамкорлик ривожига катта туртки бермоқда. Чунончи, ўтган даврда икки томонлама амалга оширилган давлат ташрифлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Туркия Республикаси Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида турк халқи Ўзбекистонни ота юрти, Ўзбекистон халқини қардош халқ, Ўзбекистон Республикасини қардош давлат сифатида кўришини таъкидлаб, бу юртда етишиб чиққан Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Имом Бухорий, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий каби буюк алломаларнинг илмий мероси ҳозирги вақтда ҳам жаҳон илм дунёсида маёқ бўлиб нур таратаётганини алоҳида эътироф этди.
Айтиш жоизки, жаҳон сайёҳлик соҳасида 6-ўринни эгаллаган Туркия бир йилда 36 миллион сайёҳни қабул қилади ва бундан 34 миллиард АҚШ доллари миқдорида даромад кўради. Мамлакатда бу борада барча зарур шарт-шароит яратилган. Мисол учун, Ўзбекистон фуқаролари учун 2007 йилдан буён Туркияга визасиз кириш тартиби жорий қилинган. Ўз навбатида, Туркия раҳбари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармони билан турк -фуқаролари учун визасиз режим татбиқ этилганини мамнуният билан таъкидлади. Албатта, бу ҳам тадбиркорлар, ҳам сайёҳлар, қолаверса, туризм соҳасида иш юритувчи малакали мутахассисларнинг Ўзбекистонга келишини осонлаштиради.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати:
— Бугунги кунда Ўзбекистон Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий ҳамда инвестицион-молиявий муносабатларга таянган стратегик ҳамкорликни янада тараққий топтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар парламентлараро муносабатларда ҳам яққол акс этаётгани диққатга сазовордир.
Айни пайтда Олий Мажлисда чет давлатларнинг парламентлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида 23 та дўстлик гуруҳи ва комиссия фаолият юритмоқда. Улар орасида “Ўзбекистон — Туркия” парламентлараро дўстлик гуруҳи борлиги икки давлат манфаатларини илгари суришда муҳим ўрин тутаётир. Айтиш мумкинки, Туркия раҳбарининг парламент аъзолари олдида сўзлаган нутқи Олий Мажлис билан Буюк миллат мажлиси ўртасидаги алоқаларни ўзаро тажриба ҳамда ахборот алмашиш асосида ривожлантиришда янада катта имкониятлар эшигини очади, десак, асло муболаға бўлмайди.
Туркия Президенти ўз нутқида ўтган ойда Тошкентда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ўтказилган конференцияга юқори баҳо бериб, халқаро тинчликнинг ўрнатилишида, минтақавий тараққиётда ва ислом цивилизациясининг тўла ҳамда аниқ тушунтирилишида Ўзбекистон муҳим ўрин тутаётганига тўхталди. Айни чоғда Президент Шавкат -Мирзиёевнинг қўшни давлатлар билан муаммоларни ечиш ва яқин ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак эътироф этди.
Албатта, бу тинчликпарвар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг нечоғли ҳаётий, оқилона ҳамда адолатли эканини тасдиқлайди.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати:
— Туркия Республикаси Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида, аввало, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларга ўз муносабатини билдирди. Аниқ стратегик мақсадлар асосида жамият ҳаётининг барча жабҳасини демократлаштириш орқали одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаётган эзгу саъй-ҳаракатлар ҳозирданоқ ўз натижасини кўрсата бошлаганини эътироф этди.
Президент икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,5 миллиард АҚШ долларига етгани, мазкур икки давлат имкониятлари ва салоҳияти олдида жуда камлигини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳамда Туркия ўртасида имзоланган 20 дан ортиқ шартномалар асосида бу кўрсаткич тез фурсатларда 5 миллиард АҚШ долларига етишини таъкидлади.
Маърузада мамлакатларимиз ҳамкорлигининг тарихи, бугуни ва келажаги акс этди, дейиш мумкин. Олий мартабали меҳмон ўзбек халқига Яратгандан тинчлик ва омонлик, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ривож тилади. Парламентлараро алоқалар изчиллик касб этишини, бу орқали икки қардош халқ жипслигини, шунингдек, стратегик ҳамкор мамлакатлар тараққиётини кўриш истагини билдирди.
Зиёда АШУРОВА ёзиб олди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг