Ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун муҳокама қилинди

20:58 18 Март 2026 Сиёсат
342 0

Жорий йилнинг 18 март куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ов қилиш ва овчилик хўжаликлари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда ов қилиш ва овчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, овчилик хўжаликларида биохилма-хилликни ошириш, ов туризми инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур Қонун билан овчилик гувоҳномалари ва ов қилиш учун йўлланмалар бериш тартибини такомиллаштириш, ёввойи ҳайвонларни овлаш квоталарини белгилаш ва тақсимлашнинг илмий асосланган механизмларини жорий этиш, ов қилишни фақат белгиланган овчилик хўжаликлари ҳудудларида ҳамда эркин ов қилиш жойларида амалга ошириш тартибини белгилаш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитда овлаш учун эркин ов қилиш жойлари ваколатли давлат органи томонидан белгиланиши назарда тутилган.

Қонунга мувофиқ овчилик хўжаликларига питомникларда етиштирилган ва табиий муҳитга қўйиб юборилган ёввойи ҳайвонлар сонига мутаносиб равишда, уларнинг урчиш давридан ташқари вақтларда ов қилишни ташкил этиш ҳуқуқи берилади. Урчиш даврлари эса Фанлар академиясининг Зоология институти хулосаси асосида белгиланади.

Шунингдек, ов қилиш ҳуқуқини расмийлаштирувчи овчилик йўлланмалари махсус электрон дастур орқали берилиши жорий этилиб, овчилик хўжаликларида мазкур ҳужжатлар хўжалик эгалари томонидан, эркин ов қилиш жойларида эса ваколатли орган томонидан тақдим этилади.

Бундан ташқари, овчилик хўжаликларини юритиш учун ер участкаларини ажратиш электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилиб, тегишли шартномалар ижара муддатига мос равишда тузилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, қўмита мажлисида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам сув ресурсларини муҳофаза қилиш, уларда оқилона ва самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни қўллаш, ерларни лазерли текислаш орқали сув сарфини камайтириш, ирригация тизимларини реконструкция қилиш, ариқ ва каналларни бетонлаштириш ҳисобига катта ҳажмда сув тежалиб, унинг исроф бўлиши олди олинмоқда.

Хусусан, ўтган 2025 йилда 817,2 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши ҳисобига 2,3 млрд куб метр сув тежаб қолинган. Сўнгги 5 йилда эса 1,2 минг км каналлар ва улардаги 2,5 мингта гидротехника иншооти реконструкция қилиниб, 26 та насос станцияси тўлиқ модернизация қилиниши натижасида йилига ўртача 1 млрд куб метр сув йўқотилишининг олди олинмоқда.

Қайд этилганидек, жорий йилда 503 минг гектар ерда сув тежовчи технологиялар жорий этилиб, 203 минг гектарда лазерли текислаш ишлари амалга оширилиши ҳисобига 2,5 млрд куб метр сув тежалиши кутилмоқда.

Мажлисда келгусида суғоришда сувдан фойдаланиш коэффициентини янада ошириш, соҳада сув тежовчи технологиялари қўллашни кенгайтириш, каналларни бетонлаштиришни жадаллаштириш, ер ости сувлари сифат кўрсаткичларини яхшилаш, сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш юзасидан тавсиялар берилди.

Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер