Ўткир респиратор вирусли инфекциялардан қандай ҳимояланиш мумкин?
Иллюстратив фото
Қиш фасли якунланиб, баҳор эшик қоқаётган айни кунларда об-ҳаводаги ўзгаришлар одамлар орасида ўткир респиратор вирусли инфекцияларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати ушбу касалликнинг белгилари, унинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳақида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков фикр-мулоҳазаларини эълон қилди.
— Ушбу турдаги касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади, — дейди Нурмат Атабеков. — Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади.
Кейинчалик эса томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида эса балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади.
Бундай пайтда, энг аввало, эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун беморлар жамоат жойларига чиқишдан, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар ўзларини чеклашлари, ижтимоий масофа сақлашлари лозим.
Айниқса, вирусга чалинган одамлар ва уларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахслар тиббий ниқобда бўлишлари тавсия этилади. Хасталик белгилари кузатилган юртдошларимиз эса шифокор тавсияси асосида даво муолажаларини бошлашлари мақсадга мувофиқ.
Қолаверса, ҳар бир одам иммунитет мустаҳкамлигини таъминлаш учун мева-сабзавотлар, турли кўкатлар ва қайнатмалар истеъмол қилиши ҳамда мавсумга мос кийиниши лозим.
Шундай экан, юртдошларимиздан ушбу оддий тавсияларга риоя қилган ҳолда мавсумий респиратор касалликлар тарқалишининг олдини олишга эътиборли бўлишларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси
Иброҳим НОРМУРОДОВ тайёрлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг