Ўтган 9 ойида Фарғонага 2 миллион 650 мингга яқин сайёҳ ташриф буюрди
Фото: “Халқ сўзи”
Жорий йил Фарғона вилоятига сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида эко, агро, экстремал, тиббий, кўнгилочар ва бошқа туристик масканлар ташкил этиш ҳисобига 1,1 триллион сўмлик 159 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.
Хусусан, айни жараёнда Қўқон шаҳрида умумий қиймати 130 миллиард сўмлик “Туризм ва ҳунармандчилик” маркази ташкил этилмоқда. Мажмуада замонавий меҳмонхоналар, ҳунармандлар ва савдо маркази, болалар ўйингоҳи ва бошқа кўнгилочар хизматлар кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилади.
Фарғона шаҳридаги “Экошаҳар”да Япония компанияси инвестицияси ҳисобига 3 гектар майдонда умумий қиймати 182 миллиард сўмлик япон боғи барпо этилаётир.
— 2023 йилнинг тўққиз ойида вилоятга 2 миллион 650 минг нафарга яқин сайёҳ ташриф буюрди, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов. — Сайёҳларнинг 365 мингдан кўпроғи хорижлик меҳмонлардир.
Шу йилнинг 21 — 23 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида II Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унга уйғун ҳолда Риштон туманида биринчи маротаба Халқаро кулолчилик форуми ўтказилди. Фестиваль ва форумда дунёнинг 70 та давлатидан моҳир ҳунарманд ва кулоллар, таниқли фан, маданият ва санъат намояндалари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди,
Тадбирлар доирасида Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ билан ҳамкорликда 6-Турк дунёси мода ҳафталиги ҳамда 24-Турк дунёси опера кунлари бўлиб ўтди. Анъанага айланиб бораётган бу каби тадбирлар вилоятга хорижлик сайёҳларни жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўз навбатида, вилоятга сайёҳлар оқимини янада ошириш мақсадида ҳозирги кунда 5 та халқаро (Олма ота, Астана, Жидда, Урумчи, Сеул) ҳамда 7 та маҳаллий (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Навоий, Термиз) рейсларга тўғридан-тўғри янги авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича музокаралар давом этяпти.
Таъкидлаш ўринлики, 5 та халқаро ва 7 та маҳаллий авиақатновлар йўлга қўйилиши натижасида йилига 250 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг