Осиёнинг яна бир давлатида коронавируснинг янги штамми билан зарарланиш ҳолати қайд этилди
Иллюстратив фото
Бирлашган Араб Амирликлари (БАА)да коронавируснинг янги штамми — «Омикрон» билан зарарланишнинг биринчи ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда ВАМ давлат ахборот агентлиги мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб хабар берди.
Инфекция БААга Африкадан араб давлатларидан бири орқали келган аёлда аниқланган. Янги штамм ташувчиси коронавирусга қарши вакцинанинг икки дозаси билан эмланган. Айни дамда у карантинга олиниб, маҳаллий шифокорлар назоратида бўлиб турибди. Ушбу фуқаро билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси ўзини ўзи изоляция қилиши айтилган.
БАА маъмурияти 29 ноябрдан бошлаб «Омикрон» штамми тарқалиши туфайли Африканинг етти давлатидан, жумладан, Жанубий Африка Республикасидан келувчиларни ҳам ўз ҳудудига киришини чеклаган эди.
Маълумотларга кўра, 9,8 миллион аҳолига эга БААда пандемия бошланганидан буён 742 109 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Шундан 737 024 нафари тузалган. Касаллик асоратлари оқибатида 2 148 нафар бемор вафот этган.
26 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африканинг жанубида коронавируснинг янги штамми B.1.1.529 («Омикрон») аниқланганини маълум қилди. ЖССТ баёнотига кўра, ушбу штамм кўп сонли мутацияларга эга, уларнинг баъзилари хавотирга солади.
Бунгача ушбу штамм Осиёнинг Гонконг ва Япония давлатларида аниқланган эди.
Олдинроқ, «Омикрон» штаммининг асосий белгилари ҳақида хабар қилган эдик.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавируснинг янги — «Омикрон» штаммининг глобал хавфи ҳақида огоҳлантирган эди.
Ўз навбатида, ЖАРда «COVID-19»ни юқтириш ҳолатлари жуда кескин ўсётгани ва беморлар орасида болалар кўплиги маълум қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг