Ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари белгиланмоқда
Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати
2022 йил 7 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Дастлаб «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, амалдаги қонунчиликда имтиёз ва преференциялар беришнинг аниқ ва шаффоф механизмлари келтирилмаган. Бу рақобатга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шунингдек, 100 дан ортиқ монополлашган, 10 дан ортиқ эксклюзив ҳуқуқлар мавжуд бўлган бозорлар сақланиб қолмоқда, имтиёз ва преференциялар текис ва тенг тақсимланмагани аксарият ҳолларда рақобатни чекламоқда.
Бундан ташқари, монополияга қарши ҳуқуқий воситалар эскирган ва таъсирчанлиги жуда пастлигича қолмоқда. Амалдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун кучга кирганига 10 йил, «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунга 23 йил бўлди. Мазкур қонунларда биргина молиявий жарималарнинг мавжуд эмаслиги йирик монополияларнинг бозор ҳукмронлиги ва ўз мавқейини суиистеъмол қилишини тийиб туриш вазифасини бажаришга умуман имкон бермаяпти.
Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги «Рақобат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур лойиҳа билан оммавий савдо тушунчаси киритилиб, нафақат танлов ва тендер, балки аукцион ва бошқа электрон тарзда ўтказиладиган савдоларда рақобатни чеклаш ҳаракатларига барҳам бериш чоралари кўзда тутилмоқда. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжатини қабул қилиш мақсадида айрим қонуности ҳужжатларининг нормалари қонун даражасида мустаҳкамланмоқда;
Шу билан бирга, молиявий жарималар киритилиши муносабати билан иқтисодий концентрацияга ва танлов (тендер) ёки биржа савдоларига доир монополияга қарши талабларни бузиш ҳаракатлари ҳамда рақобатга қарши ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чиқариб ташланмоқда. Монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда иқтисодий ўсишни таъминлаш, рақобатбардошликни ошириш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб, уни қўллаб-қувватладилар.
Йиғилишда шунингдек «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси билан ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат бошқаруви ва назорати, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари, кимёвий моддалар, биологик воситалар ва материалларни сақлаш, қўллаш, зарарсизлантириш, йўқ қилиб юбориш, утилизация қилиш, ташиш ва кўмиб ташлашга доир масалаларни тартибга солиш назарда тутилмоқда.
Савол-жавобларга бой бўлган йиғилишда депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдириб, уни маъқулладилар.
Йиғилишда «Давлат ветеринария назорати ҳамда ветеринария соҳасида таълим тизими такомиллаштирилиши муносабати билан «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ва кун тартибига киритилган бошқа масалалар кўриб чиқилиб, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг