Орзуқул бобонинг боғи
Фото: Халқ сўзи
Орзуқул бобо нафақага чиққанида тенг-тўшларига «Энди шундай бир боғ яратайки, ҳамманинг ҳаваси келсин» деган эди. Шунда унинг жўралари мийиғида кулиб, «Шартинг кетиб, партинг қолди, бугун белим, эртага оёғим оғриди, деб юрмагин тағин», дея беозор койишганди. Негадир бу гап Орзуқул бобога оғир ботди ва нафақага чиққан куннинг эртасигаёқ кетмонни олиб, томорқага кириб кетди.
Бугун отахон икки кам саксон ёшни қоралаган. У яратган боғ ҳосилга кириб, Косон туманидаги Чорбоғ қишлоғига бир ажиб кўрк ва тароват бахш этиб турибди. Боғда йўқ дарахтнинг ўзи йўқ. Ҳаммаси пайванд қилинган. Ҳосилга кирганида шохларини кўтара олмайди. Эл яхшини алқайди, деганларидек, боғни кўрганлар «Жаннатнинг ўзия, Орзуқул бобо барака топсин» дейишади. Ёшлар эса «Орзуқул бобонинг боғи» деб ном қўйиб олишган.

— Ҳеч кексаликка бўйин бергим келмайди, — дейди Орзуқул бобо. — Қўлимга кетмонни олганимда куч қуюлиб келаверади. Бўлмаса, қаранг, 45 сотих жойни бир ўзим гуллатиб қўйибман. 10 туп гилос, 20 туп бодом, 20 туп анор, 20 туп қароли, 100 тупдан зиёд ток бор. 12 сотих жойда иссиқхона қуриб, 100 туп лимон ва мандариндан мўл ҳосил оляпман. Лимон тагига картошка эккандим, ҳозир ҳосилини ковлаб сотяпман. Боғнинг даромади баракали.
Орзуқул бобо набираларини «Ўригидан мағизи ширин!» деб эркалайди. «Боғдан келаётган даромаднинг ҳаммасини 20 нафар набирамга атаганман, уларнинг яхши кунларига ишлатаман», дейди отахон самимий жилмайиб.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг