Орзулар маҳалладан бошланади
Арнасой тумани ёшлари учун яна бир имконият яратилди. Бўстон маҳалласида «Кўмак» лойиҳаси доирасида янги ўқув маркази иш бошлади.
Мазкур лойиҳа Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилиб, асосан чет тилларни пухта ўзлаштирган, C1 даражасидаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатларга эга ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Айниқса, чекка ҳудудларда ўқув маркази очишни истаган йигит-қизлар учун бу катта имконият бўлиб, лойиҳа доирасида ёш тадбиркорларга 3 йилгача 6 ойлик имтиёзли давр билан 130 миллион сўмгача фоизсиз қарз маблағлари ажратилади.
— Тўғриси, авваллари чекка ҳудудларда марказ очиш катта маблағ ва таваккалчилик талаб қиларди. «Кўмак» лойиҳаси биздек ёшларга жуда катта далда бўлди, — дейди ёш тадбиркор Бунёд Бахромов. — Марказимизни замонавий жиҳозладик, 5 нафар хорижий тилни мукаммал биладиган устозлар билан шартнома туздик ва ишни бошладик. Мақсадимиз – қишлоқ болалари ҳам чет тилларини мукаммал билиб, дунё тан олган олийгоҳларда таҳсил олишига кўмаклашиш.
Қишлоқларда ташкил этилаётган бундай марказлар ёшларни билимли бўлишга, касб эгаллашга ва ўз устида ишлашга ундайди. Энг муҳими, уларнинг келажакда мустақил равишда даромад топишига замин яратади.
Толибжон ЭРГАШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг