Ўн кун аввал қизи «Зулфия» мукофотини олган оиланинг кенжа фарзанди «Қўқон олимпиадаси»да «Нексия - 3» билан тақдирланди
Баҳор Гулистон шаҳридаги Ғофуржон Суннатов оиласига қўшалоқ қувонч келтирди. Бундан ўн кун олдин қизи, Тошкент давлат Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси Мадина Суннатова Президентимиз фармонига биноан Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлган эди.
Бугун айни мана шу қиз "Халқ сўзи“ сайтидаги Қўқон олимпиадаси якуни ҳақидаги хабарни ўқиб, укаси «Қўқон олимпиадаси»да ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб, «Нексия-3» автомобили билан тақдирланганини билгач, ота- онасидан суюнчи олди.
Гап шундаки, оиланинг кенжа фарзанди, Тошкент шаҳридаги Ал- Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 7- синф ўқувчиси Асилбек Суннатов Қўқон давлат университети ташаббуси ҳамда «Қоракўл зиё» нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда республика умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида математика фанидан ўтказилган «Қўқон олимпиадаси» да ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Унга шу университетда грант асосида ўқиш имтиёзи билан бирга «Нексия-3» машинаси ҳам совға қилинди.
Маълумот учун, Гулистон шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ғофуржон Суннатовнинг яна икки фарзанди ҳам талаба. Катта қизи Муниса Самарқанд ветеринария- тиббиёт институти талабаси, ўғли Элдор Олий божхона институти тингловчиси. Турмуш ўртоғи Саодат Чилмирзаева эса шаҳардаги 11- мактаб ўқитувчиси.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг