Оммавий китобхонлик қамрови кенгаймоқда
Фото: Халқ сўзи
Хабарингиз бор, юртимиз бўйлаб «Китобсевар миллат» шиори остида II Республика китобхонлик ҳафталиги уюшқоқлик билан давом этмоқда. Андижон вилоятида ҳам ҳафталик доирасида шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар иштирокида юздан ортиқ учрашувлар, давра суҳбатлари, кўргазмалар ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг замирида аҳоли ўртасида мутолаа маданиятини ва китобсеварликни кенг тарғиб қилиш мақсадлари мужассам.

— Дастлабки икки куннинг ичида вилоят бўйича 30 дан ортиқ тадбирларни ташкиллаштирдик, — дейди Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази директори Гулнора Исмоилова. — Хусусан, марказимизда янги адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди. Нодирабегим ижодига бағишланган «Эй, Сарвиравон» номли китобхонлар учрашувида унинг ижодига оид янги маълумотлар очиқланган бўлса, Муҳаммад Юсуф ижодига оид шеърхонлик кечаси ҳақиқий мушоирага айланиб кетди. Шоир Баҳодир Андижонийнинг янги асари тақдимоти ёзувчи ва шоирларнинг муҳокамасига сабаб бўлган бўлса, «Қўлингдаги китоб» челленжи ёшлар орасида кенг оммалашиб улгурди. Бу каби тадбирлар вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда бўлиб ўтмоқда.
Айтиш ўринлики, 900 мингга яқин китоб фондига эга марказимизнинг доимий ўқувчилари сони 34 ярим мингдан зиёд ва улар учун замонавий қулайликлар яратилган.

Умуман олганда, вилоятдаги мавжуд кутубхоналарда 7 миллион дона китоб мавжуд бўлиб, улардаги мутолаа заллари ҳамиша китобхонлар билан гавжумлиги алоҳида эътиборга молик жиҳатдир.
Дарвоқе, ҳафталик давомида кўчма кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилгани китобхонлар сонининг ортишига ва оилавий китобхонлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг