Омбудсманнинг минтақавий вакили мактабга нега борди?

12:47 20 Февраль 2024 Жамият
306 0

Фото: "Халқ сўзи"

Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Мамлакатимиз 1992 йилнинг 9 декабрида БМТ Бош Ассамблеясининг “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясига қўшилган бўлса-да, яқин-яқинларгача бола ҳуқуқларига беписанд муносабат ҳукм суриб, меҳнатга мажбурий жалб этиш, одам савдоси, оиладаги зўравонлик каби иллатлардан фарзандларимиз жабр кўрганлиги ҳали кўпчиликнинг ёдидан чиққани йўқ.

Президентимизнинг 2019 йил 23 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг “Болалар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияси талабларини ҳар томонлама ҳаётга татбиқ этиш йўлида тарихий қадам бўлди. Бола ҳуқуқларининг кафолатлари доирасида бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, кенг кўламдаги тарғибот ва ташвиқот тадбирлари йўлга қўйилди.

Хусусан, умумий ўрта таълим муассасаларида “Омбудсман соати” лойиҳаси доирасида ёшларнинг Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги хабардорлигини оширишга қаратилган “Ҳуқуқларимни ким таъминлайди?”, “Омбудсман ҳуқуқ ҳимоячиси” мавзуларида интерфаол машғулотлар ўтказилиб, унинг навбатдагисида Республика Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Навоий шаҳридаги 16 ва 22-сонли мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашди.

— Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиш фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шарти, — дейди Омбудсманнинг минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев. — Ҳуқуқларини билган киши нафақат ўзини ҳимоя қилади, балки унинг амалдаги қонунчиликка ҳурмат қилиши ортиб, ҳуқуқий маданияти юксалади.

“Омбудсман соати”да мамлакатимизда “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенция қоидаларини қонунчиликка татбиқ этиш, боланинг шахси, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳимоясига бутун жамият ва давлатни фаол жалб этиш омбудсман институти фаолиятининг ажралмас қисми эканлиги ўқувчиларга тушунтирилди.

“Омбудсман ҳуқуқ ҳимоячиси” ролли ўйини орқали эса ўқувчилар Омбудсман сифатида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши билан боғлиқ ишлар бўйича қарор қабул қилиш жараёнини намойиш этишди.

Ёшлар муҳокамада, Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси асосида фактларни таҳлил этиш, ўз қарорларини далиллаш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этдилар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер