Омбудсман ИИБ биносига олиб кетилган эркакнинг вафоти очиқ ва адолатли суриштирилишини сўрамоқда

18:46 21 Июнь 2024 Жамият
867 0

Аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судида жамоат тартибини бузган ака-ука ИИБга олиб кетилгани ва у ерда фуқаролардан бирининг соғлиғи ёмонлашиб, шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган эдик.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот бериб, унда воқеа содир бўлган жойларда мавжуд бўлган барча видеоёзувлар олингани, гувоҳлар ҳамда воқеа иштирокчиларнинг кўрсатмалари текширилаётгани ва тегишли судга оид экспертизалар тайинланганини билдирди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) нинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили марҳумнинг оила аъзолари билан учрашиб, таъзия изҳор қилди.

Қайд этилишича, ҳозирда Омбудсман томонидан ака-ука Д. ва Д.Ю.ларга нисбатан куч ишлатилганлиги ҳолати ўрганилмоқда.

Тошкент вилояти ИИББ расмий муносабатида марҳумнинг ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилган вақтида вафот этганлиги қайд этилган эди.

«Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат Тошкент вилояти прокуратураси томонидан ўрганилмоқда», дейилади Омбудсман хабарида.

Қўшимча қилинишича, ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Омбудсманнинг назорат хати юборилган.

Шунингдек, Омбудсман ушбу ҳолатни қонун талаблари доирасида кўриб чиқилиши, воқеанинг барча жиҳатларини очиқ ва адолатли суриштирувини таъминлашни сўраган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер