«Олтин дафтар»га киритилган юртдошимиз Самарқандда 500 минг долларлик лойиҳани амалга оширмоқда
Жанубий Кореяда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириб, Ўзбекистон элчихонаси «Олтин дафтари»ига киритилган юртдошимиз Самарқанд вилоятида инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз салоҳиятидан самарали фойдаланиш, уларнинг Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз элчихонаси Жанубий Кореяда яшовчи юртдошларимиз билан тизимли ишларни йўлга қўйган.
Ўзбекистонда бизнес юритиш истагида бўлган ватандошларнинг таклифлари маҳаллий ҳокимликларга ўрганиш ва амалий ёрдам учун юборилмоқда. Ҳозирги кунда элчихона кўмагида фуқароларнинг тегишли вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари билан мунтазам мулоқот тизими йўлга қўйилган. Натижада Ўзбекистонда хорижий давлатларда меҳнат қилиб, инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган юртдошларимиз сони кундан-кунга ортиб бормоқда.
Жумладан, Жанубий Кореяда вақтинча меҳнат қилаётган юртдошимиз Жамшид Исломов Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида гидропоника усулида замонавий иссиқхона қуриш ва Жанубий Корея технологиялари асосидаги боғ яратиш лойиҳасини амалга оширишга киришди. У ушбу лойиҳа учун 500 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция йўналтирди. Туман ҳокимлиги мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 1 гектар ер майдони ажратди.
Жамшид Исломов айни пайтда лойиҳа жадвалига мувофиқ қурилиш ишларини олиб бормоқда. Иссиқхона қурилиши учун зарур бўлган ускуналарнинг биринчи қисми Ўзбекистонга Жанубий Кореядан жўнатилди. Улар тез кунда ўрнатила бошланади.
— Давлатимиз томонидан хориждаги ватандошлар учун яратилган имкониятдан фойдаланиб, ушбу инвестиция лойиҳасини Жанубий Кореядаги меҳнат фаолиятим давомида тўпланган маблағ ҳисобига ҳамда хорижий ҳамкорлар кўмагида амалга оширишга қарор қилдим, — деди Жамшид Исломов. — Боғдорчиликка қизиқишим туфайли Жанубий Кореянинг ўсимликларнинг томчилатиб суғоришга асосланган илғор технологияларини чуқур ўрганиб, яратилаётган иссиқхонада қўлламоқчиман. Шунингдек, хориждан мевали кўчатларнинг, айниқса, гилоснинг юқори сифатли навларини олиб келиб, боғ ташкил этишни режалаштиряпмиз. Келажакда барча етиштирилган ҳосилни экспорт қилмоқчимиз. Лойиҳани амалга ошириш орқали қўшимча иш ўринлари яратиш ва мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш ниятидаман.
Жанубий Кореядаги юртдошларимизнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва таклиф этилаётган лойиҳалари ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар, элчихона ва ҳамкорлар ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри мулоқот давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг